Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Ҳукумат боғчалардаги овқатлантириш тизими бўйича қарор қабул қилади

Ҳукумат боғчалардаги овқатлантириш тизими бўйича қарор қабул қилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг "Мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасижойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ-3261-сон "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича ўтказилган эксперимент натижалари вазирлик, жамоатчилик ва ота-оналар томонидан ижобий баҳоланган.

Белгилаб қўйилишича: 2019 йил 1 январдан бошлаб:

давлат мактабгача таълим муассасалари бош ошпази, ошпази ва ошхона ишчилари, озиқ-овқат омборлари мудирлари лавозим маошларига 100 фоиз қўшимча тўлов жорий этилиши мумкин;

овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларининг ошхоналарида ишлатиладиган коммунал хизматлар (электр энергияси, сув, газ) харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади;

мактабгача таълим муассасаларида тайёр таомларни етказиб бериш орқали соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этилганда мактабгача таълим муассасалари ошхоналари ва улардаги барча жиҳозлар "ноль” қийматда ижарага берилиши белгиланади;

овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасаларида бош ошпаз, ошпаз ва ошхона ишчиларининг қисқартирилиши натижасида тежаладиган бюджет маблағлари бевосита мактабгача таълим муассасалари ошхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:

мактабгача таълим муассасаларининг ошхоналари фаолияти харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, шунингдек уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя этишини аниқлаш юзасидан тасдиқланган график асосида ҳар ойда бир марта давлат, нодавлат, хусусий давлат шерикчилиги асосида фаолият юритаётган барча мактабгача таълим муассасаларида санитария назорат ишларини ўтказиш;

икки ой муддатда Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни белгиловчи санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини қайта кўриб чиқиш ва бунда тайёрланаётган таомлар технологияси, таомнинг таркибий қисмлари, вазни, тўйимлилиги, калориясидан келиб чиқиб тузилган мавсумий таомномалар асосида қайта тасдиқлаш вазифалари юклатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида "Умумий овқатланиш технологияси ва уни ташкил этиш” йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:

2019 йилнинг 1 январидан вазирликнинг тузилмасига ходимларнинг белгилаб қўйилган чекланган умумий сони доирасида беш кишилик штат бирлигидан иборат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бошқармасини ташкил этади;

Республиканинг барча туман(шахар) мактабгача таълим бўлимлари штат жадвалларига соғлом овқатлантириш масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар штат бирликлари ажратади;

давлат мактабгача таълим муассасалари томонидан овқатлантириш ташкил этилганда ошпазлар ва ошпаз ёрдамчиларининг ҳар уч йилда бир марта малакасини ошириш ишларини ташкил этади;

хорижий ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича хизмат кўрсатиш ҳақида таклифлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларининг соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни муассаса томонидан ташкил этиш тўғрисидаги низомга кўра, мактабгача таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этишнинг асосий мақсади тарбияланувчиларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш, ошхоналарда сифатли таомлар тайёрлаш, таомларни истеъмол қилиш учун гигиеник талабларга мувофиқ шароитлар яратиш ҳисобланади.

Қуйидагилар муассасаларда соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тарбияланувчиларнинг белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда овқатлантиришни ташкил этиш;

тарбияланувчиларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш;

тарбияланувчиларда овқатлантириш билан боғлиқ юқумли касалликларнинг тарқалишига йўл қўймаслик;

тарбияланувчилар ўртасида соғлом овқатлантириш кўникмаларини шакллантириш;

таомларни тайёрлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ҳамда сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиш.

Қуйидагилар муассасаларда соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

тарбияланувчиларнинг соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этишни бевосита мактабгача таълим муассасалари томонидан амалга ошириш;

тарбияланувчилар учун соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни уларнинг хавфсиз овқатлантиришни ташкил этишга доир санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш;

тарбияланувчиларнинг соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этиш учун тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари мудирлари ҳамда мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари масъул ҳисобланади.

Ошхоналарда соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этиш тарбияланувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ равишда тузилган таомнома асосида амалга оширилади.

Бунда:

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ҳамда Давлат санитария эпидемиология назорат марказлари томонидан ишлаб чиқилган намунавий таомномалар асосида ўн кунлик тахминий таомномалар олдиндан тузилади;

таомнома жорий кундаги тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб, кейинги иш куни учун соат 16.00 га қадар ҳамшира томонидан мактабгача таълим муассасаси ошпази ва омбор мудири ёки омборчи иштирокида тузилади;

таомнома асосида кейинги кун учун озиқ-овқат маҳсулотлари омбор мудири ёки омборчи томонидан ҳамшира ёки навбатчи тарбиячи иштирокида иш куни тамом бўлгунига қадар ошхонага берилади;

таомнома бир кун олдинги тарбияланувчилар сонига мутаносиб равишда ҳар бир тарбияланувчи учун бир кунлик ўртача сарфланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ва уларнинг қиймати чиқарилган ҳолда, икки нусхада тузилади;

жорий кунда эрталаб соат 9.00 га қадар мактабгача таълим муассасасига келган тарбияланувчилар сони таомномада назарда тутилган тарбияланувчилар сонидан 10 нафар ва ундан юқори миқдорда фарқ қилган тақдирда, гуруҳ тарбиячиларининг тарбияланувчилар сони тўғрисидаги билдиришномалари асосида таомномага ўзгартириш киритилиши тўғрисида далолатнома тузилади ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган тартибда маҳсулотлар омборга қайтарилади;

таомнома санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тўғри тузилганлиги ҳамшира ва мактабгача таълим муассасаси раҳбари томонидан имзо билан тасдиқланади;

таомноманинг битта нусхаси ҳамширага, иккинчи нусхаси ошхонага фойдаланиш учун берилади;

кунлик тайёрланадиган таом турлари ва бир тарбияланувчи учун таом миқдори махсус овқат тарқатиш жойига ёзиб қўйилади;

тарбияланувчилар учун таомлар овқатланиш технологияси қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрланади, сақланади ва тарқатилади;

таомнома озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кетма-кетликда ёзиш орқали шакллантирилади, бунда озиқ-овқат маҳсулотлари турлари нон билан бошланиб, туз билан тугатилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: