Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИ байрами кенг нишонланди

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИ байрами кенг нишонланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Юртимиз бўйлаб бу йил иккинчи бор нишонланаётган ушбу сана "Ҳосил байрами" тадбирлари билан уйғунлашган ҳолда ўтмоқда.

 Жумладан, Учқудуқ тумани қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳам ўзларининг касб байрамини меҳнатда катта ютуқлар ва кўтаринки кайфият билан нишонладилар.

Байрам муносабати билан 11 декабрь куни "Асилбек” тўйхонасида ўтказилган тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари, ишчи-ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Инсон учун тинчлик ва тотувликдан кўра қадрлироқ неъмат йўқ, – дейди "Зиё” фермер хўжалиги раиси Султопошша Акбарова. – Бугун биз эришаётган ютуқлар ана шу буюк неъматлар шарофатидан. Айниқса, Президентимизнинг қишлоқ хўжалигига, тадбиркорликни, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга доир саъй-ҳаракатлари, соҳага бўлган юксак эътибор ўз самарасини бермоқда. Бугун барчамизда ислоҳотларимизга дахлдорлик ҳисси, меҳнатимиз самарасига бўлган ишонч ортмоқда. Бу жиҳатлар деҳқону фермерларимизнинг чин меҳнати туфайли мўл ҳосил етиштирилаётганида ҳам яққол намоён. Бугунги байрамлар бизни янада руҳлантириб, янгича руҳда меҳнат қилишга ундайди.

Тўкин дастурхон атрофига йиғилган соҳа фидоийларини туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович касб байрамлари билан қутлади, муҳтарам Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 4 декабрдаги 105 – сонли буйруғига биноан, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари Тойлибай Ахметовга «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидоийси» кўкрак нишони топширилди.

Шундан сўнг, Аслиддин Мардонов, Ниязбек Нурманов, Ўктам Жумаев, Султонпошша Акбарова каби фермер хўжаликлари ходимлари ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг чорвачилик масалалари бўйича ўринбосари Фурқат Ибодуллаевга туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари берилди.

Тадбирда "Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.


 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: