Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / 1 декабрь - Халқаро ОИТСга қарши кураш куни Хавфли хасталик: юқиши, белгилари, давоси

1 декабрь - Халқаро ОИТСга қарши кураш куни Хавфли хасталик: юқиши, белгилари, давоси

ОИТС – вируслар иммун тизимининг зарарланиши натижасида янги касалликларнинг ва ёмон сифатли янги ҳосилаларнинг пайдо бўлиши билан характерланади.

Маълумки, бугунги кунда ушбу касаллик дунё бўйича "пандемия” тусини олмоқда. БЖТССТнинг 2002 йилдаги маълумотига кўра, ер юзида ОИВ/ОИТС билан касалланганлар 42 млн. кишини ташкил этади. Улардан 38,6 млн. катта ёшдагилар, 19,2 млн. аёллар, 3,4 млн. 15 ёшгача болалардир. 2002 йилнинг ўзида ОИТС хасталиги билан касалланган 3,1 млн. бемор вафот этди. Шу кунгача ОИТС хасталигидан вафот этганларнинг сони 25 млн. кишига етди. Бу рақамлар 16 йил олдинги рақамлар эди.

ОИТС хасталигининг аср вабосига айланаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу касаллик ҳақида бонг уришимиз, оммавий-ахборот воситаларида доимий равишда ёритиб боришимиз лозим. Бу ҳолатлар эса одамларни огоҳликка чорлайди. Шу йўл орқали касаллик тарқалишининг ва ёш болалар, аёллар, бегуноҳ жонларнинг ўлимининг олдини олишга ёрдам берамиз.

ОИТС қандай бошланган?

1980 йилнинг октябр ойидан 1981 йилнинг март ойигача Американинг Лос-Анжелес шаҳридаги учта шифохонада "Пневмоцист зотилжам” ташхиси билан бешта бемор даволанган. Бу касаллик жуда оғир ўтиши ва бу касалликни чақирувчи вируслар дориларга чидамлилиги билан бошқа касалликлардан ажралиб туради. Бу касаллик жуда кам учрайди, асосан чала туғилган чақалоқларда, иммун тизимининг пасайишга олиб келувчи дори воситалари қабул қилганларда ёки радионурлар таъсирига учраган одамларда ва саратон билан касалланган шахсларда аниқланади. Яъни, пневмоцистли зотилжам касаллиги пайдо бўлиши иммун тизимининг жиддий шикастланганини кўрсатади. Аниқланишича, ушбу беморларда иммун тизимининг сусайишига олиб келадиган бирон сабаб бўлмаган. Улар ёш бесоқолбозлар бўлган. Беморларнинг иммун тизими текширилиб кўрилганда лимфоцитлар сонининг кескин камайиб кетганлиги аниқланган. Касаллик белгилари асосида бу хасталик "Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми” ОИТС деб номланган.

БУНИ БИЛАСИЗМИ?

ОИТС касаллигини юқтириб олиш хавфи бўйича аҳолининг айрим гуруҳи "хавфли гуруҳ”га киритилади. Ушбу "хавфли гуруҳ”га гиёҳвандлар, нотаниш шахслар билан пала-партиш жинсий алоқа қилувчилар, жинсий алоқа йўли билан юқадиган касалликларга чалинган шахслар киради. Аҳолининг бу гуруҳи жамиятда ўз хулқ-атворининг бузуқлиги туфайли ОИТС касаллигига кўпроқ дучор бўладилар ва касалликни тарқатиш хавфи ҳам жуда юқори бўлади.

КАСАЛЛИКНИ НИМА ҚЎЗҒАТАДИ?

ОИТС касаллигини вируслар қўзғатиб, мураккаб вируслар қатторига киради. ОИТС касаллиги ўта хавфли юқумли касалликлар тоифасига киради. Касалликнинг манбаи бемор ва одам иммунитет танқислиги вирусини ташиб юрувчи шахслар ҳисобланади.

КАСАЛЛИК ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?

1.Жинсий алоқа йўли орқали-аёлдан эркакка, ёки эркакдан аёлга юқади.

2.Парентерал йўл орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, ностерил шприцлар ва тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланилганда, тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган барча муолажаларда юқиши мумкин.

3.Вертикал йўл орқали, яъни ОИТС вирусини ташувчи онадан ҳомилага ёки чақалоққа туғруқ жараёнида ва туғилгандан сўнг она сути орқали юқиши мумкин.

БУНИ БИЛАСИЗМИ?

Эмизикли ёшдаги болалар ОИТС хасталиги билан хасталанган бўлса, онасига ушбу касалликни юқтирган ҳолатлар амалиётда аниқланилган. Уларнинг оғиз шиллиқ қаватида турли яралар бўлади. Натижада сўлаги қон билан аралашади. Бола она кўкрагини эмаётган вақтида тишлаши мумкин. Тишлаган соҳада эса жароҳатлар пайдо бўлади. Шу соҳадаги жароҳатга сўлак билан аралашган қондаги вирус тушади. Натижада боладаги касаллик онага ўтади.

КАСАЛЛИК БЕЛГИЛАРИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Яширин давр – бир неча ойдан 10 йил ва ундан кўпроқ йилгача давом этиши мумкин. Бу босқичда ташхис фақат тахминий бўлиши мумкин. Бу даврда клиник белгилар бўлмайди ва ОИТС вирусига қарши антителлалар ишлаб чиқарилмайди. Хасталикка чалинган одамлар соппа-соғ, иш фаолияти бузилмаган, ўзини бемор деб ҳисобламайди. Бироқ, бу одамлар касалликнинг тарқалишида муҳим рол ўйнайди.

Белгиларнинг юзага чиқишида беморларнинг 30-50 % касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, ангина ёки фарингит белгилари кузатилади. Бўғимлар, мушаклар оғриши мумкин. Жигар, талоқ ва лимфа тугунларининг катталашиши кузатилади. Бу даврда бемор даволанишга муҳтож эмас. Аста-секин беморларда танадаги барча лимфа тугунларининг катталашуви, катталашган лимфа тугунлар орасидаги оғриқ кузатилади. Беморларнинг жинсий қобилияти ва иш фаолияти сақланган бўлади. Зарур бўлганда бемор амбулатор даволаниш билан чегараланади. Кейинги даврда беморнинг иммунитети кескин пасайиб кетганлиги боис, турли касалликлар келиб чиқади. Беморнинг аҳволи оғир бўлади. Масалан, сурункали гепатит, пневмония, камқонлик, сил, турли саратон касалликлари. Касалликнинг сўнгги босқичи, яъни терминал даврда оддий сўз билан айтганда, бемор ўлим тўшагида ётади. Аҳволи ўта оғир, озиб кетган, вақти-вақти билан тана ҳарорати кўтарилиб туради. Қондаги гемоглобин миқдори жуда пасайиб кетади. Бемор аҳволи кун-сайин оғирлашиб, ўлим билан тугайди.

ОИТС ҚАНДАЙ ТАШХИСЛАНАДИ?

Касалликда қонда вируслар топилиши ва умумий қон таҳлилидаги ўзгаришлар, иммун тизимидаги бузилишлар асосида ташхис қўйилади.

ОИТС ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

Ҳозирги даврда ОИТС касаллиги билан касалланган беморларни бутунлай тузалиши имконияти йўқлиги сабабли даволашнинг мақсади беморнинг умрини узайтиришга ва унинг ҳаёт кечиришини яхшилашга қаратилган бўлиши лозим.

 

Бу даҳшатли хасталик кўплаб машҳурларни ҳам ҳаётдан олиб кетган.

*Фредди Меркьюри (1946-1991), инглиз мусиқачиси ва "Quееn” гуруҳининг солисти.

*Рок Хадсон (1925-1985), америкалик актёр, ОИТС га чалинганини ошкор этган илк машҳур инсон.

*Рудольф Нуреев (1938-1993), ХХ асрнинг энг буюк раққосларидан бири, рус балети артисти.

*Артур Эш (1943-1993), америкалик теннис устаси ва жамоат арбоби.

*Фрэнк Мур (1953-2002), америкалик рассом, ОИТСга қарши кураш тимсоли – қизил лента яратувчиси.

*Айзек Азимов (1920-1992), ёзувчи, кўплаб бастеллер асарлар муаллифи, юрагини операция қилаётган вақтда қон қуйишган, қондан ОИТС юқтириб олган.

ФАКТЛАР, РАҚАМЛАР...

*Тиббиёт тарихида ҳанузгача дунёнинг 5 қитъасини бир зумда қамраб олиб, доимий равишда ўсишга мойил касаллик аниқланилмаган.

*Ҳозирги кундаги маълумотларга кўра, дунё бўйича ОИТС билан касалланганларнинг сони 32,6 милионни ташкил этади.

*ОИТС вируси қонда, спермада, қиндан ажраладиган ажралмаларда, кўкрак сутида, кўз ёшларида мавжуд.

*Кўкрак сути ва кўз ёшларда вирус миқдори кўп бўлмайди.

ХУЛОСА ўрнида: Азизлар, бундай даҳшатли касалликка чалинмаслик учун соғлом ҳаёт тарзига риоя этайлик, ўзимизни ва болаларимизни турли хасталиклардан эҳтиёт қилайлик, саломатлигимизга беэътибор бўлмайлик, умрингиз узоқ бўлсин, қадрли инсонлар!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: