Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: МАОШИНГИЗГА ҚАНЧА СОЛИҚ СОЛИНАДИ?

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: МАОШИНГИЗГА ҚАНЧА СОЛИҚ СОЛИНАДИ?

Ўзбекистон Республикаси президентининг "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони мазмунини чуқур ўрганиш, уни аҳолининг барча қатлами вакилларига тушунтириш жараёни қизғин давом этмоқда.

Дарҳақиқат, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясидан кўзланган мақсад қулай рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳисобланади.

Фармонга кўра, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб бир неча йўналишдаги муҳим вазифалар амалиётга татбиқ этилади.

Хусусан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади. Масалан, барча фуқаролар учун жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилади, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бунда фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолиниши кўзда тутилган.

Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитал)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, бошқа юридик шахснинг устав жамғармаси (капитал)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми тегишли бўлган устав жамғармаси (капитал)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов миқдорини 25 фоиз этиб белгилаш, қолган юридик шахслар учун 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилган ставкани қўллаш мўлжалланган.

Давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш кутилмоқда.

Барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этиш ҳам белгиланган.

Юклатилган вазифаларнинг яна бири юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини, бино ва иншоотлардан, шу жумладан, илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун юқори ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда 5 фоиздан 2 фоизга пасайтириш билан боғлиқ.

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва имтиёзлар сонини камайтириш, шунингдек, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкасини пасайтириш орқали қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдордаги амалдаги ставкасини сақлаб қолиш, ҳозирги вақтда сотиб олинадиган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуқини бериш ҳам вазифалар қаторидан ўрин олган.

Шу тариқа солиқ юкини изчиллик билан камайтириб бориш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни тезкор ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг муҳим шартлари ҳисобланади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: