Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ЮКСАК МАРРАЛАР, КЎТАРИНКИ КАЙФИЯТДА НИШОНЛАНМОҚДА!

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ЮКСАК МАРРАЛАР, КЎТАРИНКИ КАЙФИЯТДА НИШОНЛАНМОҚДА!

Ўтиб бораётган 2018 йил Навоий кон-металлургия комбинати кўп минг сонли жамоаси, фахрийлари ва ишчи-ходимлари ҳамда муҳандис-техниклари учун унутилмас йил бўлиб қолди. Ахир, бу йил шонли корхонанинг муборак 60 йиллиги кўтаринки кайфият ва меҳнатда юксак марралар билан нишонланмоқда.

Ҳа, Навоий кон-металлургия комбинатининг барпо этилиш тарихи узоқ 1956-1958 йилларга бориб тақалади. Комбинатнинг ташкил топишига эса – Учқудуқ бешик вазифасини ўтаган.

Учқудуқ шаҳри – бунёдкор халқ жасорати ва матонатининг ёрқин намунаси бўлиб, агар ўша узоқ 1952 йилларда Қизилқум чўлига геологлар ташриф буюрмаганида, даштни ўзлаштириш лойиҳалаштирилмаганида бу ер ҳамон чўллигича қоларверармиди?! Геологлар томонидан кашф этилган кон захиралари учта қудуқ ён-атрофида жойлашгани боис, бу ер - "Учқудуқ” деб номланди.

1958 йилдан эса Учқудуқнинг тақдири бошқача бўлди. Инсон қўли, инсон иродаси, инсон фидоийлиги иқлими шафқатсиз бўлган чўлга ҳаёт бағишлади.

Сана муносабати билан Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхона-ташкилотлар ва муассасаларда кўплаб тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, расмлар кўргазмаси ташкиллаштирилди. Мазкур маънавий-маърифий тадбирларда юқоридаги фикр-мулоҳазалар атрофида сўз юритилди.

НКМКнинг 60 йиллигига бағишланган тадбирларнинг асосий қисми 21 ноябрь куни соат 16-00 да "Учқудуқ” маданият уйида бўлиб ўтди.

Байрам муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда корхона ривожи учун муносиб улуш қўшаётган бир гуруҳ меҳнат жамоаларининг вакиллари Навоий-кон металлургия комбинатининг фахрий ёрлиқлари, пул мукофотлари ҳамда "НКМК – 60 йил” махсус ёзуви туширилган соатлар билан тақдирландилар.

Шунингдек, соҳа ходимларига берилаётган биринчи, иккинчи ва учинчи даражали "Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Тадбирда НКМК бош директор ўринбосари Сулейманов Ғайрат Юсупович, Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович, Шимолий кон бошқармаси директори Золотарёв Юрий Петровичлар иштирок этди ва сўзга чиқдилар.

"Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоаларининг чиқишлари бу ерга йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: