Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ОБОДЛИК ВА КЎРКАМЛИК НАМОЙИШИ

ОБОДЛИК ВА КЎРКАМЛИК НАМОЙИШИ

Бугун «Алтинтау» овул фуқаролар йиғини Қулқудуқ овулида «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида олиб борилган ишлар ниҳоясига етказилиб, ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.

Катта тантана билан нишонланган маросимда Ўзбекистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Худайбергенов Турсинхан Айдарович, Навоий вилоят ҳокими Турсунов Қобил Бекназарович ҳамда қатор корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларибилан биргаликда кенг жамоатчилик вакиллари овул аҳолиси, ёшлар иштирок этдилар.

Юртбошимизнинг 2018 йил март ойидаги қишлоқ аҳоли пунктларининг меъёрий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги фармони ва қарори қабул қилинганди.

Мазкур ҳужжатлар республикамиздаги кўплаб қишлоқва овуллар ҳаётига янги эпкин, янги нур олиб кирди. Жумладан, Учқудуқ тумани Қулқудуқ овулида ҳам узоқ йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларга ечим топилди.

Ҳудудда «Обод қишлоқ» давлат дастурини амалга оширишга оид туман ҳокимини қарори қабул қилинди. Унга кўра, махсус штаб тузилиб, корхона ва ташкилотларнингмансабдор шахслари, секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия аъзолари мавжуд ҳолатни тўла ва атрофлича ўрганган ҳолда вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида маҳаллий йўл харитаси тузилди. Вазифалар белгилаб олинди.

Штабнинг тузилиши халқ қалбига қулоқ солиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш қолаверса,қучоқ очиб халқ ичига бориш, унинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқаришдек улуғ мақсадга қаратилди.

Дастурни амалга ошириш доирасида овулдаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби, 3-сонли «Булдиршин» мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла гузари, Ёшлар меҳнат гузари сингари ўнлаб ижтимоий объектлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Қайта реконструкция қилинган, замонавий кўриниш касб этган мазкур объектларни қурилиш-таъмирлаш ва реконстркуция ишларига 3 млрд. 730 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Айниқса, узоқ йиллардан бери ўз ечимини кутаётган тоза ичимлик суви муаммоси бартараф этилиб, «Ерлер ата» зиёратгоҳидан сизиб чиқаётган булоқ суви қувурлар орқали овулга тортиб келинди. Сувни тўплаш, ифлосланишга йўл қўймаслик мақсадида резервуарлар қурилди. Бу мақсадга 1млрд. 999 млн. сўм сарфланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2925-сонли қарори асосида Қулқудуқ овулига кўчиб келган ўқитувчилар Ғайбуллаевларва Ахтамовалар оилаларига, қишлоқ врачлик пункти врачи Деҳқоновлар оиласининг ҳар бири алоҳида уй билан таъминланди. 450 млн. сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур уйларда барча шарт-шароитлар мавжуд.

Эътиборлиси, овулдаги 130 дан ортиқ хонадон фуқаролари обдончилик ишларида фаол иштирок этди. Мақсад ўз уйининг ободлиги саришталиги бўлса, обод овул – обод масканни тезроқ барпо этиш бўлди. Улар меҳнати билан барча уйлар таъмирланди, том қисми таъмирдан чиқарилди. Эски яроқсиз шиферлар янгисига алмаштирилди. Фасад қисми кўркамлашиб, «Обод қишлоқ» дастури эпкини қизилқумнинг олис овулларига ҳам етиб келганлигини билдиряпти.

Халқимизда, «Ободлик кўнгилдан бошланади» деган ҳикматли ибора бор. Дарҳақиқат, маънавий-ахлоқий фазилатларга бой, меҳр-оқибат, саховат, аҳиллик ва тинчлик-тотувлик каби инсонийлик мезонлари билан уйғунлашган ҳар бир жой ободлик ва фаровонлик, тараққиёт ва юксалишга юз тутади.

Шукурки, бугун қулқудуқликлар кўксидаги оғриқ барҳам топди, армонлар ижобат бўлди. Негаки, мутлақо янги қиёфа касб этган овулга замонавий инфратузилманинг кириб келиши , ижтимоий соҳа объектларининг мутлақо янгидан барпо этилиши ёшу қарини бирдек қувонтирмоқда.

Қулқудуқдаги бу ўзгаришларни кўриб бир замонлар айтилган: «Чўл эдинг, айлади бўстон. Раҳмат сенга ҳазрати инсон!» , дегинг келади. Бир сўз билан айтганда Қулқудуқда бошланган бунёдкорлик одамлар қалбига ҳам ободлик олиб кирди.

Райхон КОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

Фото Сейтжан Арибаев.



 

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: