Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / МАМЛАКАТ КЕЛАЖАГИ – МАКТАБ ОСТОНАСИДАН БОШЛАНАДИ!

МАМЛАКАТ КЕЛАЖАГИ – МАКТАБ ОСТОНАСИДАН БОШЛАНАДИ!

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган.

 Унга кўра, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.

 Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, жорий 2018-2019 ўқув йилида қарийб 3 млрд. сўм маблағ эвазига умумтаълим мактаблари биноси капитал ва жорий таъмирдан чиқарилиб, уларнинг моддий – техник базаси ривожлантирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги 3301 – сонли қарори асосида ташкил этилган махсус жамғарма ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3-сонли мактабда 275 млн., 4-сонли мактабда 150 млн., 8-сонли мактабда 42 млн., 9-сонли мактабда 327 млн., 13 – сонли мактабда 117 млн. сўм маблағ сарфланиб қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

 Туманимиздаги 15,16 ва 19-сонли умумий ўрта мактабларига 11 млн. сўм ва 20 – сонли мактабга 7,5 млн. сўм маблағ ҳисобидан моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 

Эътиболиси, туманимизда "Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида овуллар қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Нафақат овуллар кўрки, балки ижтимоий соҳа объектлари, таълим даргоҳлари ҳам замонавий қиёфа касб этмоқда. Мазкур давлат дастури доирасида Алтинтау овул фуқаролар йиғинидаги 1-сонли мактаб 1 млрд. 6 млн. сўм сарфланиб, мутлақо янги кўринишга эга бўлди.

 Шунингдек, Узунқудуқ овул фуқаролар йиғинидаги 6-сонли мактабда ҳозирда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларга "Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида 800 млн. сўм маблағ ажратилган.

Яна бир муҳим жиҳат, давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев вилоятларда, ҳудудларда аҳоли билан бўлаётган мулоқотлар чоғида билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, ижроси юзасидан ўзларининг зарур тавсияларини бермоқдалар. Жорий йилнинг 2 мартида Томди туманида бўлиб ўтган ана шундай учрашувда Йўлчилар овул фуқаролар йиғинида мактаб биносини янгидан барпо этиш ҳақида таклиф билдирилган эди.

Мана бугун орадан 8 ой вақт ўтиб, Йўлчилар овул фуқаролар йиғини аҳолиси, айниқса овул ёшларининг орзуси ушалганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўтган қисқа вақтда қурилиб фойдаланишга топширилаётган мазкур 5 – сонли умумий ўрта таълим мактаби 216 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу масканда таълим ўзбек ва қозоқ тилларида олиб борилади.

 Эътиборлиси, эндиликда фарзандларимиз қишнинг қорли - қировли кунларида 5-6 км. йўл босиб шаҳарга ўқиш учун қатнамайдиган бўлдилар. 

Бу ерда ўқувчиларнинг замонавий таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қарийб, 5 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган мактабда спорт зали, кутубхона, ўқув-лаборатория хоналари бугун ўқувчилар ихтиёрига берилмоқда.

 "Таълимга эътибор – келажакка эътибор” дейди доно халқимиз. Бугун эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос таълим-тарбия олишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, айниқса, олис чўл ҳудудлари жумладан, Учқудуқ туманига ҳам берилаётган бир қанча имтиёз ва преференциялар шахсан давлатимиз раҳбарининг биз учқудуқликларга, учқудуқлик ёшларга бўлган меҳр – муҳаббатининг бир кўриниши, деб биламиз!

Ўз навбатида Учқудуқ ёшлари келажакка ишонч билан қараб, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, эзгу мақсадларни кўзлаб, аъло ўқиши намунали хулқи билан Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига ҳисса қўшадилар!

Нурладин МУРАТОВ, Учқудуқ туман ХТБ мудири.

Суратда: янгидан қуриб фойдаланишга топширилган 5-сонли мактаб.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: