Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “Учқудуқ” газетаси хабар қилади: МАСТЛИК – ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ!

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: МАСТЛИК – ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ!


Аёл – онамиз, опамиз, синглимиз, қизимиз. У миллат давомчиси, оила бекаси, уй фариштаси, эр қаноти, келажагимиз – фарзандлар тарбиячиси. Энг муқаддас туйғуларимиз "она” сўзи билан боғланган: она – Ватан, она - замин, она – табиат, она тили. Она меҳрини қуёшдан-да буюк деб биламиз.

Буғдойзорни - халқнинг ризқ-рўзи бўлганлиги учун ҳам у ерни босишга ҳеч кимга йўл қўйилмайди. Фақатгина синглисини зиёрат қилишга отланган акагагина буғдойзор оралаб боришга рухсат берилган. Ҳадиси шарифда эса, "Жаннат оналар оёғи остидадир!” дейилади.

Дарҳақиқат, аёллар ана шундай гўзал фазилатлари билан улуғланади. Бироқ...

Бироқ, улар орасида ҳам шундайлар борки, ўз қилмишлари билан бу қутлуғ номга доғ туширмоқдалар.


Зарафшон шаҳрида яшовчи Гўзал Тешаева (исм - фамилиялар ўзгартирилган) туппа-тузук оиланинг бекаси, 2 нафар ўғил-қизнинг онаси, кўплар орзу қиладиган Навоий кон металлургия комбинати 5-кон бошқармасига қарашли Суграли геотехнологик конида катта ҳамшира бўлиб ишлаб келаётганди. Нима жин урди-ю, спиртли ичимлик истеъмол қилишга ҳаддан зиёд берилиб кетди. Аввалига оз-оздан бошланган заҳри қотил истеъмоли бориб-бориб сурункали тусга ўтганини ўзи ҳам билмай қолди, чоғи.

...Баҳорнинг майин ва ёқимли шабаси эсиб турган кунларнинг бирида кечки пайт соат 9-10 лар чамасида яқин қариндоши Ўктам Нурмуродовга телефон қилиб, ишхонасига олиб-бориб келишни илтимос қилган. Аввалдан спиртли ичимлик истеъмолига тайёргарлик кўриб, "такиллаб” турган томоғини "ҳўллаш” мақсадида ўзи билан ул-бул егулигу, спиртли ичимлик ҳам олволган.

Ў.Нурмуродовнинг бошқарувида бўлган "НЕКСИЯ” русумли автоуловда давлат аҳамиятига эга бўлган А-379 автомобиль йўлининг 216 км. да йўлнинг ўнг томонида жойлашган автобекатда биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилишган.

Спиртли ичимлик истеъмолидан сўнг, гўё "шер”га айланган бу аёл автоулов бошқарувини қўлга олади. Ҳеч бир ҳужжатсиз, боз устига маст ҳолатда А-379 автомобиль йўлининг 211-212 км. оралиғида "Учқудуқ – Зарафшон” йўналиши бўйлаб соатига 130 км. тезликда ҳаракатланаётганда бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қатнов қисмини чегаралаб турувчи бетон тўсиққа бориб урилган. Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автомашининг олд қисми йўловчи ўриндиғида бўлган Ўктам Нурмуродов оғир тан жароҳати олади.

Томди туман суд-тиббиёт экспертиза бюросининг хулосасига кўра, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғига, ўнг ўпка плеврасига, буйрак ва жигар капсуласига қон қуйилишлар натижасида Ў.Нурмуродов воқеа жойида вафот этган.

Одамзод маст қилувчи ичкиликларни ўзи яратиб, яратганидан буён ўзи унга қарши кураш чораларини излайди. Чунки, мастлик инсонни жаҳолатга элтиб, ўзлигидан жудо қилиши мумкин. Жиноий ишларнинг кўпчилиги ичкилик оқибатида содир этилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу иллат инсонни тубига тортувчи жарлик экани аён бўлади.

Бугун суднинг қора курсисида бош эгиб ўтирган Гўзал Тешаеванинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, аёллиги, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳамда марҳумнинг яқин қариндошларига 20000000 сўм пул бергани, кечирим сўрагани шу билан бирга жабрланувчи томоннинг унга нисбатан даъвоси йўқлиги сингари қатор важлар инобатга олиниб, 3 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинадиган бўлди.

Шу ўринда хулоса сифатида бир маълумотни келтиришни истар эдик, агар бутун дунёдаги шифохоналарда тадқиқот ўтказилиб, натижалари жаҳон ҳамжамиятчилигига эълон қилинса аниқки, ичкиликдан азият чекканлар тўғрисида тасвирлаб бўлмас даражадаги даҳшатли бир манзара, "номи йўқ рақамлар” ўртага чиққан бўлар эди...

"Алкоголь – фирибгар, у организмга таянч бўлиб кўринади, лекин тобора ақлни камайтиради”, деган эди буюк ҳаким Абу Али ибн Сино. Бундан бир неча аср муқаддам айтилган буюк ҳакимнинг бу иқтибоси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: