Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / 28 октябрь- автомобиль транспорти ходимлари куни

28 октябрь- автомобиль транспорти ходимлари куни

    Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда автомобиль транспорти муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда ҳаётни транспорт воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки соҳанинг заҳматли ходимлари халқ хўжалик юкларини белгиланган манзилларга етказиб бериб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва бунёдкорлик ишлари маромини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Шунингдек, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш ҳам транспортчилар зиммасида. Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги Автомобиль транспорти бошқармаси ва 1- автобаза ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари шаънига илиқ сўзлар айтса бўлади. Автомобиль транспорти бошқармаси жамоаси "Шарқий” ва "Довгизтов” конларидан қазиб чиқарилаётган тоғ жинсларини омборларга етказиб беради. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қайта ишланадиган руда бу ердан темир йўл транспорти орқали 3- гидрометаллургия заводига жўнатилади. 1- автобаза жамоаси кон бошқармаси бўлинмалари ишчи-хизматчиларининг ишга бориб-келишида транспорт хизмати кўрсатишдан ташқари корхонага тегишли моддий-товар бойликларни юртимизнинг турли бурчакларига ташиш билан шуғулланади. Мазкур автокорхоналар парки дунёнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги оғир бульдозерлар, катта ҳажмдаги тоғ-кони автоағдаргичлари, юк ортувчи ўзиюрар машиналар, автобуслар, енгил автомобиллар ва бошқа замонавий техника воситалари билан тўлдириб борилмоқда. Двигателларни таъмирлаш цехи реконструкция қилиниб, автомобилларнинг ёнилғи тизимини таъмирлаш ва қайта текширувдан ўтказиш стендлари билан жиҳозлантирилди. Эндиликда ҳар қандай техника воситасининг двигатели "Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасига юборилмасдан, бевосита шу ернинг ўзида сифатли таъмирланади. Демак, катта миқдорда маблағ иқтисод қилинади. Бундан ташқари, эҳтиёт қисмлар сақланадиган янги омборхона барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Яқин келгусида улкан ҳажмли автошиналарни таъмирлаш устахонасини ишга тушириш мўлжалланаяпти. Устахона учун зарур дастгоҳларни етказиб бериш юзасидан шартномалар тузилган. Транспорт бошқармасида меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, иқтисодий самарадорликка эришишни кўзлаб инновацион лойиҳалар дадил қўлланилмоқда. Тоғ-кон механизмлари ва транспорт воситаларида марказлашган назорат тизимининг жорий этилганлиги спутник радиотўлқинларидан фойдаланиб, объектнинг ҳаракат йўналишини юқори даражада аниқлаш ва пировардида ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш имконини бераяпти.

Кон бошқармаси транспорт корхоналарида кўплаб ўз касбининг фидойилари меҳнат қилишади. Ана шундай заҳматкашларни касб байрамлари билан яна бир бора муборакбод этамиз!

ШКБ Ахборот хизмати

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: