Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ОНА ТИЛИМ ИФТИХОРИМСАН!

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ОНА ТИЛИМ ИФТИХОРИМСАН!


21 октябрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 29 йил тўлди.

Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида Биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди.

Шундан бери ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу йил ҳам туманимиздаги корхона-ташкилот ва муассасаларда, мактабларда, касб-ҳунар коллежларида ҳамда кутубхоналарда она тилимиз – ўзбек тилини улуғлаш ва қадрлашга қаратилган кўплаб тадбирлар бўлиб ўтди.


Ҳа, тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди.

Ҳозирда ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.


Ўзбекистонда нафақат ўзбек тили, балки бошқа миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилиниши миллий қонунчилигимизда акс этган. Унинг амалий исботини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги қуйидаги норма мисолида кўриш мумкин: «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

Куни-кеча "Учқудуқ” маданият уйида ўтказилган "Она тилим – ифтихоримсан!” мавзусидаги маънавий – маърифий тадбирда шу хусусда сўз юритилди. Унда туманимиздаги 7-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан беназир ва бебетакрор ўзбек тили ҳақида шеърлар, ҳикматли сўзлар ифодали айтилди.

"Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақсларда она тилимиз мадҳ этилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: