Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “Учқудуқ” газетаси хабар қилади: CОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ!

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: CОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ!



Дунёда оналик бахтидан улуғроқ бахт бормикин, унинг ҳар бир лаҳзалари бебаҳо ва унутилмасдир. Мурғак гўдак учун эса онанинг бағридан ҳаловатлироқ жой йўқ. Зеро, бола фақатгина онасининг қучоғида ўзини хотиржам ва ишончли сезади.
Миллатнинг камолоти, мамлакат равнақи бевосита бу икки инсоннинг хотиржамлиги, соғлиғига боғлиқ. Қайси юртда оналар ва болалар бахтиёр бўлиб, кулгуси янграса бу ватаннинг эртанги куни нурафшон бўлиши аниқ.

Мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш ҳисобланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарорига биноан 1998 йилда болаликдан ногиронликка олиб келувчи туғма ва бошқа касалликларни ҳомиладорларда эрта аниқлаш мақсадида «Она ва бола скрининги» Давлат дастури қабул қилинди.
Давлат дастурига мувофиқ болаларни ҳар томонлама соғлом туғилишини таъминлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида скрининг марказлари фаолият юритмоқда.
Скрининг марказининг асосий мақсади — ҳомилани ривожланиш нуқсони ёки ногиронлигига олиб келувчи касалликлар билан туғилишини олдини олиш ва ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатишдан иборат ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда 3500 дан зиёд ирсий ва туғма касалликлар маълум бўлиб, бундай хасталикларнинг айримлари болалик даврида аниқланар экан. Баъзи ирсий касалликлар наслдан наслга, яъни ота ёки онадан фарзандларига ўтса, айрим касалликлар ташқи кўринишидан соғлом бўлган ота-онанинг фарзандларида ҳам аниқланади.
Оилада ирсий касалликлар билан бола туғилишининг сабабларидан бири янги мутацияларнинг (de novo мутацияси) пайдо бўлиши ҳамда қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдир.

Эр-хотин қариндош бўлган оилаларда бошқа оилаларга қараганда наслдан-наслга ўтадиган касалликлар билан болалар туғилиши нисбатан кўп учрайди.

Чунки, ҳар бир бола ўз генларининг ярмини онадан, иккинчи ярмини отасидан олади. Табиийки, қариндошлар ўртасидаги никоҳда касаллик генларини ташувчиси бўлган ота-оналарда ирсий хасталик генларининг учраш эҳтимоли юқоридир. Яъни, қариндош-уруғчилик қанчалик яқин бўлса уларнинг наслдан-наслга ўтувчи касаллик генларини бир-бири билан учраш эҳтимоли шунча юқори бўлади.

Балоғатга етмай она бўлган аёлларнинг фарзандларида туғма ирсий касалликлар каттароқ ёшдаги аёлларга нисбатан учраш хавфи яна ҳам юқоридир. Чунки, қизларимиз 16-17 ёшга тўлгани билан уларнинг организми ҳомиланинг тараққий этишига ва бола туғишга физиологик ҳамда психологик жиҳатдан ҳам тайёр бўлмайди. Илмий маълумотларга қараганда қизлар 19 ёшга етгач физиологик жиҳатдан етиладилар. Хусусан, эндокрин тизим ва жинсий аъзолар тўлиқ шаклланади.
Шунинг учун 20-30 ёшлар орасида она бўлиш вақти энг мақбул давр ҳисобланар экан.

Соғлом фарзанд кўриш оила бахти, ота-она қувончи. Унинг дунёга келиши икки ёшни янада бирлаштиради. Оилани мустаҳкамлайди. Соғлом фарзанд кўришни истаган бўлажак ота-оналар ўз репродуктив саломатлиги ҳақида чуқур ўйлаши керак. Агар аёлда сурункали соматик(ички), ўткир ва сурункали касалликлар (TORCH-инфекцияси) ҳамда эндокрин касалликлар бўлса улар зудлик билан мутахассис-шифокорга мурожаат қилиб даволанганларидан кейин ҳомиладор бўлишлари зарур

Албатта, бўлажак оналар ҳомиладорликнинг эрта давридан (ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасигача) мутахассис-шифокор назорати остида бўлиб ўзлари ва фарзандларининг соғлиқлари учун зарур бўлган маслаҳатларни олишлари керак. Ҳомиладор бўлишдан олдин ва ҳомиладорлик даврида таркибида микронутриентлар — йод, темир ва фоли кислотаси сақлаган поливитаминларни ҳамда оқсилга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари лозим.

Яна бир эътибор берадиган жиҳат, ногирон болалар туғилишини олдини олиш учун туғруқлар оралиғи камида 3 йил бўлиши лозим.

Чунки, шу вақт ичида аёл ўзининг репродуктив саломатлигини тиклаб олади. Фарзанд кўриш орзусида юрган ҳурматли аёлларимиз ўз соғлиғига масъул бўлиш билан баробар туғилажак фарзандларига ҳам эътиборли бўлса, улардан туғиладиган болалар ҳам жисмонан, ҳам ақлан соғлом бўладилар. Шунингдек, скрининг текширувига тавсия этилган аёллар кечиктирмасдан ўз вақтида кўрикдан ўтмоқлари шарт. Бу текширув ўзларининг ва фарзандларининг саломатлиги учун жуда муҳим.
Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли. Бу бахт кўпинча ўз соғлиғимиз билан боғлиқ. Янги ҳаётга қадам қўйган ёшлар соғлом ҳаёт кечириш ва бахтли бўлиши учун имкониятлари бисёр. Бунинг учун улар соғлом турмуш тарзига риоя этиши, Ватанга муносиб бўлган соғлом ва комил фарзандларни вояга етказиш масъулиятини унутмасликларини сўраймиз!.

Ирода КАРИМОВА, Шимолий кон бошқармаси № 2-ТСҚ акушер-гинеколог врачи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: