Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ҚИЁМАТ ҚАРЗ ёки ТОҒДЕК ЯХШИЛИК

ҚИЁМАТ ҚАРЗ ёки ТОҒДЕК ЯХШИЛИК


Асли Хатирчи тумани Жалоир қишлоғиданман.

Онажоним айтиб берган дадам билан боғлиқ бир воқеа ҳеч эсимдан кетмайди, мунтазам хаёлимда айланиб юради.

...1985 йилнинг салқин куз ойлари эди ўшанда, ҳикоя қиладилар онам. Дадам раҳматлининг армияда бирга хизмат қилган тошкентлик дўсти Тўйтепадан Жалоирга меҳмонга келган экан. Меҳмондорчилик, дийдорлашиш икки, уч кунга чўзилган. Қайтар чоғида меҳмондўст дадам дўстини ўзининг "Москвич” машинасида Самарқандгача кузатиб қўйган экан.

Кузнинг сўнгги ойлари кун совуқ бўлган. Онам иккаласи қайтиб келаётганларида машина ғилдираги тешилган, аксига олибэҳтиётбаллон йўқ. Шунда ўша атрофдаги уйларнинг бирига кирган дадам қайтариш шарти билан баллон олиб чиққан. Уйга эсон-омон етиб олишган экан.

Ўша пайтларда дадам хасталаниб юрганлиги боис касали жиддийлашиб яна касалхонага тушиб қолган. Афсуски, эндигина 30 ёшни қаршилаган падарибузрукворим касалхонада рихлатга юз тутганини биз болалар кўзда ёш дилда аччиқ алам билан қарши олдик. Ўшанда мен бор йўғи 5 ёшда эдим.

...Орадан йиллар ўтди. Онажоним кечани кеча, кундузни кундуз демай биз болаларга ҳалол луқма едириб, минг машаққатлар билан вояга етказди.

Тоғдек алпларни ҳам баъзида саросимига солиб қўядиган турмуш ташвишларини нозик елкаларида кўтариб, қавариқ қўллари меҳнатда қотган онажоним ҳаммамизни ўқитди, уй-жойли қилди. Мен тақдир тақозоси билан Учқудуққа келдим. Ўзим севган касбимда ишлаяпман.

... Ўшанда 2012 йилнинг қаҳратон қиши. Кечки пайт бир дўстим Қулқудуқ овулига бориб келайлик, деб илтимос қилди. Менинг машинамда йўлга чиқдик. Дўстимнинг ишларини битириб ортга қайтдик.

Қизилқумнинг қишини бу ерда яшаганлар билади, десам ишонаверинг. Изғирин шамол, қор буралаб ёғар. Йўлнинг аҳволи ўзига яраша, алоқа бўлса йўқ. Машинани секинлатиб бошқариб борарканман, кимсасиз йўл бўйида одам қораси кўринди. Сал нарида машинаси қорга тиқилиб қолганча турарди.

Орқа ўриндиқда ухлаб ётган дўстимни уйғотганча машинани тўхтатдим. Ойнани туширишим билан ҳалиги одам югуриб келди. У машинада ёш бола борлигини чақалоқ йиғисидан билса бўлар эди. Улар кўчада анча қолиб кетган шекилли, ҳалиги одамсовуқда қалтираганча тез-тез гапирар эди.

Унингмашинаси ғилдираги тешилиб қолган,эҳтиётбаллон йўқ, шунга ёрдам беришимни илтимос қилиб сўрарди. Агар баллон бериб турсам мукофотига пул ҳам беришини гап орасида қистириб ўтди.

У гапиряпти, менинг хаёлимда эса дадам билан кечган воқеалар жонланади. Ўшанда ҳам худди мана бу кишига ўхшаб дадам олижаноб биринсондан баллон сўраб олиб, уйга соғ-саломат етиб олган эди. Лекин олган баллонини бўйнидаги қарзини қайтариб беролмаган, сабаби...

Беихтиёр юзимга табассум ёйилди. Ўша қиёмат қарзниқайтариш имконияти туғилганидан дилимдаАллоҳга шукроналар айтиб, битта ҳам сўз демай машина юкхонасини очдим. Баллонга қўшиб "домкрат”ни сўраб олган йўловчига миннатдор боқдим. Унинг қўлини сиқиб, хайрлашдим-да, йўлимда давом этдим.

Боядан бери мени жимгина кузатиб турган дўстим, йўл бўйи "жавраб” кетди. Энди у одамни қаердан топасан, манзилини ҳам сўраб олмадинг, баллонга қўшилиб "домкрат” ҳам кетди, деган иддаоларни қалаштирар, мен эса бепарво йўлдан кўз узмай борардим.

Қанча масофа босиб ўтдим, билмайман. Бир пайт булутли осмоннинг бир чети ёришгандек бўлди. Аввалига чақмоқ чақдими деб ўйладим. Лекин қор ёғаётган бўлса, чақмоқ чақмайди-ку, дейман ўзимга ўзим. Энди чақмоқ деб ўйлаганим сайин шуъла тиниқлашиб борарди. Бундан дўстим ҳам ҳайратда эди.

...Орадан 2-3 кун вақт ўтиб, ишдан сўнг эшик тақиллаб қолди. Очдим. Ташриф буюрган кишини танимадим, лекин у мен билан қуюқ ҳол-аҳвол сўраша кетди. Менинг танимай турганим юз-кўзимдан билинган шекилли, сўнгра ўзини таништирди. Миннатдорчилик билдириб, баллон ва "домкрат”ни берди.

Ўшандаги яхшилигим эвазига нима сўрашимни, сўради. Мен эса дадамнинг ҳақига дуо қилишини айтдим.

Билмадим, дадамнинг қиёмат қарзини уздимми?! Узолмаган бўлсам, яна нима қилишим керак, деган хаёл ҳозир ҳам тинчлик бермайди. Сиз нима деб ўйлайсиз?!

Улуғбек МУРТАЗОЕВ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: