Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуққа карвонлар қайтди

Учқудуққа карвонлар қайтди

    Азалдан Қизилқум чўллари ўзгаларни ўзига оҳанграбодек тортгани рост. Чўл табиатининг ҳар қандай инжиқликларига қарамай неча минг йиллаб олдин ҳам бу ерларнинг эрта баҳорда ниш очган, жазирамада қовжираган гиёҳларини карвонларнинг вазмин оёқлари янчиб ўтиб Буюк ипак йўлининг сирли чорраҳаларини айнан Қизилқум кенгликларига қолдириб ўтган. Шу пайтгача бу ерлардан қанчалаб карвонлар ўтганига шу замину, тарих гувоҳ. Давлатларни-давлатларга, қитъаларни-қитъаларга боғлаган карвонларнинг изларидан бугун катта юк машиналари , темир ғилдираклар йўлга чиқишди. Аммо бу чўлга илк ташриф буюрган инсоннинг кўз олдида қум барханлари орасидан оҳиста йўлга тушаётган туялар карвони гавдаланаверади. Шу кунгача вилоятимиз марказидан Қизилқумга дарича бўлган Конимех тумани ва Зарафшон шаҳрига кираверишда чўл кемалари саналган

туяларнинг рамзий тимсоллари қад ростлаган эди. Энди туялар карвони Учқудуққа етиб келди.

"Туялар карвони”нинг муаллифи 3-ГМЗнинг оддий ишчиси, кимёвий элементлар миқдорловчиси - Элмурод Шарипов. 1991 йилдан буён ШКБда фаолият юритаётган Элмурод ака аслида ҳайкалтарош эмас. Нурота туманида тоғу-тошларга ажиб манзараларни битган табиат билан улғайган Элмурод акада соҳага қизиқиш бор эди. Ўз ишчисида бундай истеъдодидан хабар топган ШКБ раҳбарияти унинг ижодий ишларини доимо қўллаб –қувватлаб, унга имкониятлар яратиб берди. 



 

  Туялар карвонининг менга ишониб топширилгани менга ғурур бағишлади дейди- муаллиф. Ишни бошлашдан олдин туялар тарихини ўргандим. Мени шу нарса ажаблантирдики улар оила бўлгандагина карвонни бошқариш мумкин экан. Ота йўлбошловчи, она ва болалар унга унга ҳамроҳ бўларкан. 7 та туядан иборат карвонни ишлаш учун 3 ойдан ошиқ вақт сарфланди. Бу ишлар менинг муаллифлигимда бўлган бўлсада бироқ барча учқудуқликларнинг меҳнати сингди десам муболаға бўлмайди. Айниқса, ШКБ директор ўринбосари Одил Рахмонов, 3-ГМЗ директори Қаҳрамон Гафуровнинг ёрдамлари катта бўди. Тонналаб цемент ишлатилган бу тимсолда пардозлаш ишлари билан бирга пайвандлаш ишлари ҳам олиб борилган. Унда 3-ГМЗ ишчиларининг кўмаги бисёр бўлди. Учқудуқнинг кўркига айланган яна бир тимсолнинг яратилишида менга кўмакчи бўлган Нурмат Йўлдошев,Отабек Аднаев, Махмуд Нурматовларга, йигитларимиз Ҳожиакбар, Мухтор, Икром, Отажонларга яна бир бора миннатдорчилигини билдираман. -дейди Элмурод Шарипов.

Яна Элмурод аканинг таъкидлашича, туман ҳокими Соли Ҳамроев ҳам иш бошлангандан маънавий кўмак бериб келган. Туялар карвони ортидан келаётган бўталоқ айнан туман ҳокимининг ғояси билан ишланган.

7 рақами халқимиз учун рамзий маънода энг омадли рақам ҳисобланади –дейди суҳбатимизга қўшилган ШКБ кадрлар бўлими бошлиғи ўринбосари Умрзоқ Бадалов. - 3 ой давомида ишчиларимиз томонидан бунёд этилган эсдалик мажмуаси нафақат Учқудуққа келаётган меҳмонлар учун балки учқудуқликларга ҳам қизиқарли бўлди. Аслида бир пайтлар карвонлар бу ерларга йўл бошлаб келган... Ўзининг 60 йиллик тўйини нишонлаётган Навоий кон металлургия комбинатидек гигант корхонанинг илк пойдевори ҳам айнан Учқудуқнинг бепоён кенгликларидан бошланган. Бугун ҳам замонавий, ҳам тарихий Учқудуққа рамзий маънода карвонлар йўл бошлаб келмоқда. Агар эътибор бериб қарасангиз карвоннинг ортидан келаётган бўталоқ атрофга ҳайрат билан боқмоқда. Ижодкор томонидан ишланган бу топилма албатта келажагимизнинг ҳайрати. Ҳали Учқудуқда жуда катта бунёдкорлик ишлари давом эттирилади.

 

 

 

Лайло КАРИМОВА

ШКБ ахборот хизмати


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: