Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / НКМК ёш мутахассислари сараланди

НКМК ёш мутахассислари сараланди

Тарихдан маълумки халқимиз ҳар замонда ҳам ёшларга уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига, ривожланишига катта эътибор қаратган. Ва шу жараёнда келажак ворисларининг иқтидорларини ўз вақтида илғаб уларни рағбатлантириб борган. Бугун ҳам мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорини юзага чиқариш, хусусан, ёш мутахассислар илғор ишланма ва лойиҳаларини рағбатлантириш ҳамда амалиётга татбиқ қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ана шу мақсад рўёбини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлган НКМК ёшлар ўртасида ўтказилган "Энг фаол ёш мутахассис” кўрик танловининг тақдирлаш маросими Учқудуқ шаҳридаги "Келажак” Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Корхонада меҳнат қилаётган юзлаб ёшлар бу танловда ғолиб бўлиш истагида ўз инновацион ғояларини тақдим этишди.


 

НКМК маъмурияти ва НКМК Ходимлар Касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда НКМКнинг турли корхона ва ташкилотлари вакиллари, Навоий, Зарафшон, Зафаробод, Учқудуқ, Нуробод туманида меҳнат қилаётган "Энг фаол ёш мутахассис” танлови ғолиблари қатнашди.
Таъкидланганидек, бу йилги анжуман аввалгиларидан кўлами кенглиги ҳамда инновацион ғоя ва ишланмаларга бойлиги билан ажралиб турди. "Энг фаол ёш мутахассис” танловида энг фаол тиббиёт ходими, тарбиячи, кончи, дастурчи, энергетик , геолог, металлург, қурувчи, транспортчи, темир йўлчи, каби 12 номинацияда мутахассислар номлари аниқланди.

 

Эътиборлиси, танловда НКМКда хизмат қилаётган 100дан ортиқ ёш мутахассис қатнашди. Ғолибларни аниқлашда янги ишланма ва лойиҳалар самарадорлиги, иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва маънавий етуклиги алоҳида инобатга олинди.

- Мамлакатимизда пухта билим олишимиз, турли ишланма ва лойиҳаларни яратиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этишимиз учун барча имконият мавжуд, - дейди тақдирланганлардан бири ШКБ "Шарқий” кони ишчиси Ислом Актамов. - Мен иккиламчи хомашёдан маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳам билан "Энг фаол ёш геолог” номинациясида ғолиб бўлдим. Бундан мамнунман. Айни чоғда бу мени янги марралар сари илҳомлантиради.

НКМКнинг корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган юзлаб ёшларнинг ўз билим ва касбий махоратларини яна бир карра синовдан ўтказган танловнинг яна бир учқудуқлик ғолиби ШКБга қарашли 3-сонли Мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Феруза Рахимова бўлди. У боғчада болажонларнинг чет тиллар айниқса, инглиз тилини тез ва осон ўрганишлари учун махсус дастури билан иштирок этиб ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Аслида НКМК раҳбарияти ва ва НКМК Ходимлар касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган танловда мураккаб соҳани танлаган, энди иш бошлаган ёшларимиз ташаббускорлиги, фаоллигини ошириш, уларнинг касбий маҳоратни шакллантириш, интилишларини қўллаб — қувватлаш орқали касбига меҳр уйғотишга ҳаракат қилинди.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари НКМК ходимлар касаба уюшмаси томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

ШКБ Ахборот Хизмати


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: