Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Ўзбекистонда табиий газ тақсимотини яхшилашга қаратилган 7 та инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда табиий газ тақсимотини яхшилашга қаратилган 7 та инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда


Қибрай туманидаги Усмон Юсупов номли маҳаллада табиий газ таъминоти билан боғлиқ барча муаммо узил-кесил бартараф этилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.

Газ тақсимоти тизимидаги жараёнлар назорати автоматлаштирилганлиги туфайли ана шундай натижага эришдик, — дейди «Қибрайтумангаз» корхонаси муҳандиси Азиз Абдуазимов. — Газ тармоқларини инновацион лойиҳалар асосида модернизация ва реконструкция қилиш яхши самара бермоқда. Мисол учун, Усмон Юсупов номидаги маҳаллада истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли олтита газ тақсимлаш пункти олиб ташланиб, фақат юқори босимли газ тақсимлаш пункти қолдирилди. Унга эса автоматлаштирилган диспетчерлик назорат тизими ўрнатилди. Бу маҳаллага кираётган табиий газ босими ва ҳажми тўғрисида онлайн режимида маълумот олиш имконини беради.

Дарҳақиқат, янги лойиҳанинг афзалликлари жуда кўп. Жумладан, газ тақсимлаш пункти фаолиятига ташқи аралашув бўлганида диспетчерлик хизматига автоматик равишда хабар келади. Тақсимлаш пунктларига замонавий электрон саноат газ ҳисоблагичлари ўрнатилгани ҳам яхши самара бермоқда. Маҳаллага кириб келаётган табиий газнинг ҳажми ҳақида эса диспетчерлик хизмати онлайн режимида маълумот олмоқда.

Маҳалладаги 200 та хонадонга замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди. Ҳар бир хонадондаги маиший газ созлаш регуляторлари эса газ босими бўйича муаммоларни тўлиқ бартараф этади. Айни вақтда газ ҳисоблагичлар истеъмол қилинаётган газ ҳажми бўйича «Биллингаз» дастурига маълумотлар киритиб боради. Ҳисоблагичларга махсус клапанлар ўрнатилган бўлиб, улар қарздорлиги мавжуд хонадонларни масофадан туриб газ таъминотидан узиб қўйиш имконига эга. Эътиборли томони шундаки, қарздорлиги бор хонадонлар тўловини тўлиқ амалга оширгач, улар автоматик равишда тармоққа қайта уланади.

Маҳалла газ таъминотидаги барча ишларни реал вақт режимида назорат қилиш учун диспетчерлик хизматига махсус монитор ўрнатилди. Унда барча жараён ҳақидаги маълумотлар жамланади.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти мутахассисларининг айтишича, бугунги кунда мамлакатнинг бир қатор ҳудудлари, жумладан, Юқори Чирчиқ туманидаги Шижоат, Самарқанд шаҳридаги Аҳиллик, Жиззах шаҳрининг Раваллиқ ва Учариқ маҳаллаларида ана шундай янги тизимдан самарали фойдаланилмоқда. Ҳадемай бу ишлар бошқа жойларда ҳам жорий қилинади.

Тизимда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, табиий газ тақсимотини яхшилашга қаратилган энг самарали ва истиқболли 7 та инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Табиий газнинг ишлаб чиқариш корхоналаридан то истеъмолчига етказиб берилгунича бўлган ҳисоб-китоб ва назоратни автоматлаштириш тизими шулардан биридир.

Ушбу тизим барча ҳудудда самарали ишламоқда. Унда ишлаб чиқарувчи корхоналар ва магистрал газ қувурлари бошқармаларининг бўлиниш чегараларига замонавий электрон газ ўлчаш ҳисоблагичлари ўрнатилиб, диспетчерлик бошқарув тизимига уланган. Маълумотлар реал вақт режимида диспетчерлик хизматига келиб тушади. Яна бир муҳим жиҳати, йирик саноат корхоналарига, шунингдек, хонадонларга ўрнатилган ҳисоблагичларнинг ягона «Биллинг» тизимига уланганидир. Натижада ишлаб чиқаришда инсон омили иштироки кескин камаймоқда.

Газ транспорти тизими ишончлилигини ошириш мақсадида замонавий инновацион диагностик қурилмага эга бўлган учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Улар ёрдамида магистрал газ тармоқларини техник талаблар асосида ўз вақтида сифатли кўрикдан ўтказиш, нуқсонли ҳолатларни белгилаш, ҳимоя зоналаридаги ноқонуний қурилмаларни аниқлаш имконияти вужудга келди.

Суюлтирилган газ таъминотида янги инновацион тўлов тартибини жорий этиш билан боғлиқ яна бир лойиҳа кўпчилик оғирини енгил қилиши билан аҳамиятли. Гап шундаки, ҳозирги пайтда республикада жами 3,1 миллион аҳолига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Мазкур жараёндаги узилишларнинг олдини олиш, ҳақли равишда аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда.

Бунда ҳар бир истеъмолчи ҳисоб-китоб учун индивидуал электр карталар билан таъминланади. У эса махсус дастурга уланади. Бу билан истеъмолчига етказиб берилган суюлтирилган газ ҳажми, муддати ва ҳисобини масофадан туриб кўриш ва назорат қилиш имконига эга бўлинади. Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида тажриба тариқасида жорий йил якунигача амалга ошириш белгиланган ушбу лойиҳа натижаларига кўра, уни яқин келажакда мамлакат бўйлаб жорий этиш назарда тутилмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: