Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ХХХIII СЕССИЯСИ тўғрисида ахборот

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ХХХIII СЕССИЯСИ тўғрисида ахборот


Яқинда туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ХХХIII сессияси бўлиб ўтди. Сессияда халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, корхона-ташкилот раҳбарлари, масалага алоқадор муассаса мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлис ишини туман ҳокими, халқ депутатлари туман кенгаши раиси С.Хамроев бошқариб борди.

Сессия кун тартибида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшларни турли зарарли иллатлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, репродуктив саломатлигини янада ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш сингари ўнга яқин муҳим масалалар муҳокама этилди.

Учқудуқ тумани маҳаллий бюджети даромадлар режаси жорий йил 9 ойи учун 11383 млн. сўм қилиб белгиланган бўлиб, амалда 12677 млн. сўм яъни режага нисбатан 123 фоизга бажарилишига эришилди. Жумладан, солиқ турлари бўйича таҳлил қилинганда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун ягона солиқ тўлови режаси 153,4 млн. сўм ўрнига 229,7 млн. сўм яъни 149 фоизга, кичик корхоналар ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови режаси 196,0 млн. сўм ўрнига 330,9 млн. сўм режага нисбатан 169 фоизга, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ режаси 2063,8 млн. сўм ўрнига 2302,2 млн. сўм, режага нисбатан 111 фоизга, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ режаси 717,5 млн. сўм ўрнига 1133,0 млн. сўм, режага нисбатан 157 фоизга, юридик шахсларнинг ер солиғи режаси 311,8 млн. сўм ўрнига амалда 309,2 млн. сўм режага нисбатан 99 фоизга, жисмоний шахсларнинг ер солиғи режаси 61,8 млн. сўм ўрнига 147,0 млн. сўм режага нисбатан 237 фоизга, бозорлар даромадидан тушумлар режаси 209,3 млн. сўм ўрнига 213,9 млн. сўм режага нисбатан 102 фоизга ва бошқа кўрсаткичларнинг деярли барчаси ортиғи билан уддаланган.

Туманимизда 2018 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури доирасида жами 2198 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган бўлиб амалда бу кўрсаткич 1856 тани ташкил этади. Йиллик режага нисбатан 84,4 фоизга бажарилган.

Хитой халқ республикасидан ташриф буюрган инвесторлар томонидан 3 та лойиҳани йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бирюза ва кахолонг тошларидан заргарлик буюмлари ясаш лойиҳасини "LANMAIJIYUAN” МЧЖ амалга оширмоқда. 3 июлда рўйхатдан ўтказилган жамиятга туман ҳокимлиги балансида бўлган "Восток” ошхонаси 10 йилга "ноль” қийматда ижарага берилди. Ҳозирда 0,426 млн. АҚШ доллар маблағ ўзлаштирилиб, жиҳозларнинг бир қисми Хитойдан келтирилди.

Бу ерда 12000,0 млн. сўм миқдорида инвестиция киритиш эвазига 25 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Иккинчи лойиҳа "Алтинтау гранит инвест” МЧЖ томонидан умумий қиймати 13000,0 млн. сўм маблағ эвазига амалга оширилади. Ҳудудда мармар, гранит тошларини қайта ишлаб чиқаришга мўлжалланган ушбу лойиҳада 50 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.


Яна бир лойиҳа "Учқудуқ Асилбек – 2008” МЧЖ томонидан умумий қиймати 32 00,0 млн. сўм ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунда кварцли қумдан фармацевтикада фойдаланиладиган ампулалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилиши билан 20 янги иш ўрни яратилади.

Ҳа, қизилқум ери табиий қазилма бойликларга кон ўлка. Фақат бойликлардан оқилона фойдаланиш шу билан бирга чет эл инвесторларини жалб қилган ҳолда янгидан янги лойиҳаларни амалга ошириш йўли билан иш ўринларини кенгайтириб, аҳоли фаровонлигини янада ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, депутатлар туманни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сектор раҳбарларининг ҳисоботини муҳокама қилдилар. Сектор аъзоларининг уйма-уй юриб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, сайёр қабулда фуқаролар томонидан билдирилаётган масалалар ечимида оқсоқликка йўл қўйилаётгани муҳокамалар майдонида бўлди.

Бундан ташқари, 9 ой давомида туманда содир этилган жиноятлар сони 53 тани ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67 тага камайган. Лекин айрим жиноятлар сони ошган. Жумладан, гиёҳвандлик 1 тага, транспортни олиб қочиш 1 тага, қасддан енгил тан жароҳати етказиш 1 тага, вояга етмаганлар жинояти 1 тага, маст ҳолда жиноят содир этганлар 2 тага кўпайганлигини кузатишимиз мумкин. Яна ов қуролини ноқонуний сақлаш 3 тага, мамлакат чегарасидан ноқонуний кириб-чиқиш жинояти 1 тага кўпайган бўлиб, аҳоли ва ёшлар ўртасида олиб борилаётган профилактик, тарғибот тадбирларимиз самараси сезиларли эмаслиги аён бўлмоқда.

Бундан ташқари, кечки вақт соат 20-00 дан 6-00 гача ички ишлар бўлими ходимлари томонидан "Фильтир гуруҳ” лари ташкил этилган бўлиб, бу жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Мажлис кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2014-2018 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги 2221 – сонли қарорининг тумандаги ижроси муҳокама қилинди. Туманимизда туғиш ёшидаги аёллар сони 11031 нафар бўлиб, 10735 нафари тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 4255 нафарида экстрагенитал касалликлар аниқланган бўлиб, 3724 нафари амбулатор шароитида 346 нафари эса стационар шароитида даволанган. 185 нафар аёлларимиз билан соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Вояга етмаган қизлар ўртасида туғруқлар кузатилмаган. 1 ёшгача гўдаклар ўлими 2 тани ташкил этади. Скрининг текшируви натижаларига кўра ҳомиладор аёллар ҳомиласида туғма паталогия аниқланмади.

Бундан ташқари, сессия ишида халқ депутатлари туман кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси ҳамда аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари доимий комиссиясининг олиб бораётган ишлари хусусида ҳисоботлари тингланди.

Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари С.Буранова, А.Қудратов, Г.Тажетдиноваларнинг депутатлик ваколатини муддатидан олдин тўхтатиш ҳақидаги аризалари қаноатлантирилди. Ўрни бўшаб қолган 5 – сонли "Дўстлик”, 24 – сонли "Шарқ”, 27-сонли "Шимолий” сайлов округларида туман кенгаши депутатлигига сайлов 2018 йил 28 октябрь якшанба куни этиб белгиланди.

"Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутати Ғаффоров Равшан Абдирайимович халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланди.

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ХХХIII сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: