Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан мактабгача таълим муассасалари ходимларига йўллаган табриги

Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан мактабгача таълим муассасалари ходимларига йўллаган табриги


Ассалому – алайкум азиз устозлар! Қадрли мураббийлар!

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.

Аввало, Сиз азизларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.

Бугун биз ана шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, эртамиз эгалари ёш авлодга билим ва тарбия беришдек ўта мураккаб ва масъулиятли шу билан бирга шарафли меҳнатингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган - устоз ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсинлар айтсак оз.

Азиз устоз ва мураббийлар!

Мутахассисларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон умри давомидаги барча маълумотларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган давр оралиғида олар экан. Мисол учун, буюк бобомиз, муҳаддис олим Имом ал – Бухорий 5-6 ёшда ислом илмини чуқур ўрганган.

Ҳазрати Навоий 4 ёшда ўқишни мукаммал билган. Ал – Беруний, Ал-Хоразмий ҳам улар қаторида ёшликданоқ илм чўққиларини забт этган.

Бугунги кунга келиб, ёш авлодни аждодларга муносиб фарзанд қилиб тарбиялаш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони таълим соҳаси ривожида янги даврни бошлаб берди.

Сўнгги икки йил мобайнида соҳага доир қабул қилинган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмасини ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини бермоқда.

Биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, "Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида Қулқудуқ овулидаги 3-сонли "Булдир-шин” мактабгача таълим муассасасида 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ сарфланиб капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Энг замонавий, кичкинтойлар интелектига ижобий таъсир этувчи жиҳозлар билан жиҳозланди.

Дастур доирасидаги яна бир лойиҳа Узунқудуқ овулида амалга оширилиб, бу ерда 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси мутлақо янги кўринишда барпо этилади.

Шунингдек, Инвестиция дастури асосида туман марказида 125 ўринли болалар муассасаси янгидан қад ростламоқда. Йўлчилар овул фуқаролар йиғинида эса Навоий кон металлургия комбинатининг 8 млрд. сўм маблағи эвазига 160 ўринли болалар боғчаси қурилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, овулларда фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларининг 7 тасига юридик мақоми берилди, қўшимча гуруҳлар ташкил этилди. Ана шундай амалий саъй-ҳаракатлар натижасида туманимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишда ижобий тенденция мавжуд.

Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2017 йилнинг охирида бу кўрсаткич 74 фоизни, жорий йилнинг сентябрь ойида эса – 78,7 фоизни ташкил этади.

Яна бир муҳим жиҳат, давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бирига айланган.

Айни кунларда Учқудуқ туманида ҳам 3 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. 40 ўринга мўлжалланган "Учқудуқ ширинтойлари” болалар муассасаси яқин кунларда кичкинтойларни ўз бағрига олади.

Азиз мураббийлар!

Мактабгача таълим муассасасида бола ўзини қулай, хавфсиз ва манзур сезиши учун, кичкинтой бу ерга йиғлаб эмас, кулиб - қувонч билан қатнаши учун қўлимиздан, имкониятимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз.

Зеро, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: "Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало мактабгача таълим тизимидан бошланади”.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: