Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИККИ ДОНА АНОР!

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИККИ ДОНА АНОР!


Ҳеч ёдимдан чиқмайди, бошланғич синфда ўқирдим. Қишнинг қировли кунлари чўзилгандан чўзилиб кетди. Иситмалаб қаттиқ оғриб қолдим. Мактабимни, ўқишни, устозларимни, дўстларимни шунчалик яхши кўрардим-ки, бир кун бўлсин дарс қолдирмас эдим.

Иситмам баланд, юзларим ловуллаб, бошим чўғдек ёнса-да, барибир мактабга бордим. Аҳволимни кўрган устозим, елкасига ташлаган катта қалин жун рўмолига ўраб, мени опичлаб уйимга элтиб қўйди.

Орадан бир кун ўтиб синфдошларимни ҳам етаклаб мени кўргани келдилар. Сумкасидан катта-катта қип-қизил икки дона анорни чиқариб менга узатган ўқитувчим: "Яхшилаб тузалгин, кейин мактабга борасан” дедилар.

Ана шунга ҳам 35 йил бўлди. Ҳали-ҳануз устозимнинг меҳр тўла нигоҳларию, берган икки дона анори кўз олдимда турибди.

...Ўшанда эндигина учинчи синфда ўқирдик. Бир ёки икки соат дарсдан сўнг бизни ҳам пахта теримига жалб этишарди. Кузнинг сўнгги ойлари, ҳаво бўлса совуқ. Кичкиналигимиз учун бўлса керак баъзи бир ўқувчиларнинг бўйи пахтанинг бўйидан ҳам паст. Очилган пахтани тополмаймиз. Кунлар совуган, терадиган пахтанинг ўзи қолмаган кунлар эди. Ўқитувчимиз бошчилигида очилмаган "кўрак”ларни теришга тушардик. Шундан сўнг устозимиз ҳикоя қиладиган "Ёрилтош”, "Зумрад ва Қиммат”, "Фарҳод ва Ширин”, "Алпомиш” каби эртак ва достонларни тинглашга йиғилардик.

Муаллимамиз шунақанги чиройли овоз билан, эртак қаҳрамонларини жонлантириб баён қилган эртакларини эшитиб, гўё ўша оламга шўнғиб кетардик. Бирортамиз совуқ кунда бўйимиздан узун эгат оралаб оғир меҳнат қилаётганимиздан оғринмасдик. Сабаби ўқитувчимизнинг меҳри муҳаббати, ҳар биримиз учун куюнчаклиги бизни иситарди, чамамда.

Ҳа, пахтазорда "кўрак чувиб”, достону эртак тинглаган устозимиз давраси, илиқ эди биз учун...

Гоҳида синфдошларимнинг бири қаламини, бошқаси дафтарини уйида қолдириб келарди. Устозимнинг сумкаси гўё туганмас хазина эди. Унда нима изласангиз топиларди. Яна устознинг берган сабоқлари ҳозиргача кўз ўнгимда турибди. Икки қўлини жуфтлаштириб ўнг, чап томонга йўналтирган ҳолда сўзларни бехато бўғинга бўлишни, қўлимдан тутганича қатордан чиқмай чиройли ёзишни ўргатарди. "Йўлакдан оғишмай ёз” деб қўярдилар, меҳр билан...

Ҳаётим давомида танлаган йўлимдан, олдимга қўйган мақсадимдан оғишмай юришга доимо ҳаракат қиламан. Билмадим, йўлимдан оғишган пайтларим ҳам бўлгандир, балки?!...

Ҳа, ҳали-ҳануз устоз ўгитларига амал қилиб ҳаётнинг нурли манзиллари сари одимлашда давом этмоқдаман. Зеро, онамдек азиз, отамдек улуғ МУАЛЛИМАмдан бир умр миннатдорман!

Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: