Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ҲОКИМ ВА ЁШЛАР учрашуви ўтди

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ҲОКИМ ВА ЁШЛАР учрашуви ўтди


Мамлакатимизда ёш авлоднинг нурафшон эртасини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбияси борасидаги ғамхўрлик намунасини янада шакллантириш, юрт барқарорлиги йўлида олиб бораётган самарали ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамиша давлатимиз эътиборида ва эътирофида бўлиб келган. Учқудуқ туман марказидаги "КЕЛАЖАК” ёшлар марказида бўлиб ўтган "Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам аслида келажагимиз ворислари орзу умидларининг рўёби ва бу борада айрим ечимини кутаётган масалаларга қаратилди.

Унда туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович инсон қадр-қиммати улуғланган мамлакатимизда ҳар бир ёш бахтиёр яшашга ҳақли ва барчамизнинг мақсадимиз ҳам аввало, умидли ёшларимизга барча соҳаларда кенг йўл очиб беришимиз бугуннинг муҳим масалаларидан бирига айлангани хусусида алоҳида тўхталди. Жумладан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди Унга кўра, жамғарма маблағлари ҳисобидан магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни ташкил қилиш, шунингдек, давлат тузилмаси, иқтисодиёт тармоқлари, таълим ва илмий муассасаларнинг истиқболли мутахассисларини ривожланган мамлакатлардаги илмий ва таълим муассасаларига малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга ҳам жўнатилади

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 27 июндаги «‘Ёшлар — келажагимиз’ Давлат дастури тўғрисида»ги фармони ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бу соҳага фаол жалб қилиш учун ва бандликни таъминлашда янги истиқболларни очишни кўзлайди.

Дастур доирасида туманимизда фаолият юритаётган ишчи гуруҳ ёшларнинг қизиқишлари, орзу-истаклари, режалари, мавжуд муаммо ва камчиликларини чуқур ўрганиб, таҳлил этмоқда.

Улар уйма-уй юриб, барча ёшлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларга кўмаклашиш, кредитлар ажратилишида амалий ёрдам бериш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.

"Ҳоким ва ёшлар” учрашувида ёшларнинг, талаб ва истакларига алоҳида эътибор берилиб уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Шимолий кон бошқармаси автомобиль транспорти бошқармаси ходими Элёр Эргашев 10 йилдан бери ижара уйда яшаётганлигини билдириб, ёш оилалар учун қурилаётган арзон уй-жойлардан беришларини сўраб мурожаат қилди. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Аллановага мазкур мурожаат юзасидан амалий ишлар олиб бориш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, кончилик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дониёр Ҳайтмуротов шамол генератори ёрдамида сув чиқариш ғоясини амалга ошириш учун тегишли техник ва технологик кўмак кераклигини билдирди.

7-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Ирода Ҳамроева мактаб қошида фаолият юритаётган театр тўгараги учун алоҳида жой ажратилишини сўради. Ҳар иккала мурожаат ҳам тегишли тартибда соҳа ходимларига юклатилиб, шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.

Мулоқотда ёшларимиз туман раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тўлақонли жавоб олдилар. Энг асосийси, тадбир иштирокчилари очиқ мулоқот тарзида ўтган ушбу тадбирдан ғоятда мамнун бўлишди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: