Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуқ газетаси хабар қилади: КОРРУПЦИЯ – БУ КАСАЛЛИК!

Учқудуқ газетаси хабар қилади: КОРРУПЦИЯ – БУ КАСАЛЛИК!


Коррупция ҳақида жуда кўп гапирилади, у билан доим курашилади, қонунлар қабул қилинади, бироқ буларнинг барига қарамай у қандай бор бўлган бўлса ҳозир ҳам шу тарзда мавжуддир. Коррупция инсоният мубтало бўлган давоси йўқ касалликдир. Ундан воз кечиш осон эмас.

Коррупция тарқалган мамлакатлар харитасига назар ташлар эканмиз, коррупция энг кўп тарқалган жойлар мусулмон мамлакатлари эканини кўрамиз. Коррупция кам урчиган жойлар эса, Европа, АҚШ ва Канада эканини кўриб, ҳайрон бўлиб ҳам қўямиз.

Иқтисодий коррупциянинг бир кўриниши маъмурий коррупция ҳам борки, бу маъсул шахс маълум бир мансабга етарли малакага эга бўлмаган одамни тайин қилиши билан изоҳланади.

Раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган шахс кимнидир ишга олаётганида ёки кимнидир маълум бир ишга тайин қилаётганида ўз соҳасининг билимдони, ҳалол ва иймонли эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаса бу маъмурий коррупция ҳудудига ўтиб қолади.

Шу ўринда Расулуллоҳ с.а.в ҳаётларидаги бир воқеани эслаб ўтиш жоиз: Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. мажлисларнинг бирида гапириб турсалар, бир аъробий келди-да, «Қиёмат куни қачон?» деб сўраб қолди. Расулуллоҳ с.а.в. (унинг гапига парво қилмай) сўзлашда давом этавердилар. Баъзилар: «Расулуллоҳ с.а.в. унинг гапини эшитдилар-у, лекин маъқул кўрмадилар», дейишди. Баъзилар эса: «Эшитмадилар, шунинг учун сўзлашда давом этдилар», деб фикр билдиришди. Қачонки, Расулуллоҳ с.а.в. сўзлашдан тўхтаганларида: «Қиёмат ҳақида сўраётган қани?» дедилар. Ҳалиги сўраган киши: «Мен эдим, эй Аллоҳнинг расули», деди. Расулуллоҳ с.а.в. : «Агар омонат зое этилса, қиёматни кутавер», дедилар.

Бугун аксар мамлакатларда ушбу башоратларнинг амалга ошганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса, бу нарсалар мусулмонобод бўлган бизнинг диёримизда ҳам сўнгги вақтларда кўп учрайдиган бўлиб қолди.

Бу иллат билан астойдил курашиляпти. Афсуски, камайиш ўрнига кундан кун ортиб бораётган тараққиёт кушандаси – порахўрлик Учқудуқда ҳам урчиб боряпти. Бу йўналишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш давр талабидир.

Абдижалол ТУРДИЕВ, "Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: