Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуқ газетаси хабар қилади: ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАДИ!

Учқудуқ газетаси хабар қилади: ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАДИ!


Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига жорий йил 19 февралда имзоланган «Мулкдорлар томонидан фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиши юзасидан назоратни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, идоралараро комиссия томонидан инвестиция лойиҳаси тақдим қилинмаганлиги ёки амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса чиқарилган ойдан кейинги ойдан бошлаб соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилади.

Мол-мулк ва ер солиқларини икка карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказилади.

Қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилинишини тўхтатиш назарда тутилган.

Кўрсатилган таъсир чоралари идоралараро комиссия хулосасига асосан мулкдорнинг комиссия хулосаси билан танишганидан кейинги ойдан бошлаб қўлланилади.

Шунингдек, идоралараро комиссиянинг таъсир чораларини қўллаш ҳақидаги хулосасини чиқариш учун мулкдор томонидан фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдим этилмаганлиги ёки фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича тасдиқланган "йўл харитаси”нинг бажарилмаслиги асос бўлиши мумкин.

Фойдаланилмаётган объектларнинг мулкдорлари Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органининг тегишли сўровномаси келиб тушганидан кейин икки ой муддатда фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш, шу жумладан ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектини барпо этиш, объектни аниқ ижрочиларга тақдим этиш, муайян инвесторларни жалб этиш бўйича чораларни шунингдек, фойдаланилмаётган объект фаолиятини тиклашнинг аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбаларини назарда тутадиган таклифларни тақдим этиш шартлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича "йўл харитаси” идоралараро комиссия ва балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилоти (мавжуд бўлган тақдирда) томонидан очиқ муҳокама йўли билан шунингдек, мулкдор балансида сақловчи (уларнинг вакиллари) таклифларини инобатга олган ҳолда ва уларнинг иштирокида тасдиқланиши мумкин.

Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлигида ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, аввал хусусийлаштирилган ҳозирда бўш турган, қурилиши тугалланмаган 77 та объект аниқланган. Уларнинг 9 таси давлат улуши бор бўлган, 68 таси эса аввал хусусийлаштирилган, хусусий мулк объектларидир.

Аввал хусусийлаштирилган объектлар 11 та, хусусий мулк объектлари 55 та бўлиб, шундан 48 та объектга фаолият юритиш учун янги инвестиция лойиҳалари яъни "йўл харитаси” дастури ишлаб чиқилган. Вилоят рақобат бошқармасига тақдим этилган лойиҳаларга 22045,0 млн. сўм миқдорида инвестиция киритиш пировардида 141 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармонлар! Эгаллаб турган бўш бино, фойдаланилмаётган объектлар, қурилиши тугалланмаган иншоотларни ишга тушириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлашга даъват этамиз.

Зеро, бирники мингга, мингники туманга, деб бежиз айтишмайди. Юрт ишига ҳисса қўшиш, умум манфаатига хизмат қилиш эса олий вазифа, муқаддас бурч.

Азим БАЗАРОВ, инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризм масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: