Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / НОҚОНУНИЙ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ фойдадан зарари кўпроқ (ми)?

НОҚОНУНИЙ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ фойдадан зарари кўпроқ (ми)?

Янги минг йиллик бошида инсоният кўплаб глобал муаммоларга дуч келди. Шулардан бири аҳолининг ноқонуний миграцияси бўлиб, у жаҳон сиёсатчилари томонидан долзарб муаммолардан бири сифатида баҳоланмоқда. Чунки аҳолининг ноқонуний миграцияси ижтимоий муносабатларнинг бузилишига, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг кўпайишига олиб келади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон дунёдаги барча мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Юртдошларимиз интеллектуал салоҳияти, тадбиркорлиги билан чет элларда муносиб ўрин эгаллашга интилиши табиий ҳол. Ҳалол меҳнати, касб-кори билан қўшимча даромад орттирмоқчи бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига мурожаат қилишлари лозим.

Белгиланган тартибда чет элга ишлаш учун кетаётган фуқароларимиз нафақат ўзимизнинг, балки хорижий давлатнинг ҳам қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган кенг имконият ва шароитлардан фойдалана олади.

Яъни: Биринчидан, фуқаро давлатимизнинг бу борадаги қонунларини бузмаган ҳолда чет элда ишлаш ҳуқуқидан тўғри фойдаланган ҳисобланади.

Иккинчидан, фуқаронинг чет элдаги ҳақ-ҳуқуқлари, ҳимояси таъминланади.

Учинчидан, меҳнат шартномасини муваффақиятли бажариб, Ўзбекистонга қайтиб келган фуқаро томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агентлик томонидан унинг меҳнат дафтарчасига хориждаги иш стажи тасдиқлаб берилади.

Яна бир муҳим жиҳат, чет давлатга иш излаб кетганларнинг аксарияти 30-40 ёшлардаги кишилар бўлиб, уларнинг кўпчилиги вояга етмаган фарзандларнинг ота-онасидир. Ота ёки онанинг, баъзи ҳолларда уларнинг ҳар иккаласининг ҳам хорижга иш излаб кетиши яқин қариндошларга ташлаб кетилган фарзандлар тарбиясида бўшлиқлар пайдо бўлишига, болаларнинг ота-она меҳридан бебаҳра улғайишига сабаб бўлади. Бундай ота-оналар кўпинча ўз меҳрларини пул билан, қимматбаҳо совғалар билан ифодалашга ҳаракат қилади. Оқибатда болада пулга ҳирс уйғониб, ҳали оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата олмайдиган бола осонгина қўлга киритган пулини ўйламай совуради, манманликка берилади. Хорижга "бола-чақамнинг фаровон кун кечириши учун кетяпман” деган баҳона билан отланган ота-оналар аслида фарзанд тарбиясидаги бебаҳо дамларни қўлдан бой бериб, ёш ниҳолнинг келажагига болта ураётганини наҳотки англамайдилар?

Узоқ муддат ишлаш учун чет элга кетганларнинг ўз оиласидан йироқда бўлиши оилавий муносабатларнинг бузилишига, кўп ҳолларда эса ўзаро ишончнинг барҳам топишига олиб келиши мумкин. Бу эса оилавий ажримлар, фарзандларнинг тириклай етим қолиши каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Ҳатто, ўзга юртда муносиб иш топа олмаганларнинг айримлари майда безорилик, фирибгарлик содир этиб, чет давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳибсга олиниши каби ҳолатлар ҳам учрайди.

Четга норасмий тарзда иш излаб кетувчиларнинг одам савдоси қурбонига айланиш эҳтимоли жуда юқори. Бугунги кунда глобал муаммолардан бири бўлган одам савдоси асосан ноқонуний меҳнат билан боғлиқ. Бу оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қолаверса, ноқонуний йўл билан чет давлатларга иш излаб борганларнинг аксарияти оғир иш шароитлари, антисанитария ҳолатидаги турмуш тарзига дуч келадилар. Натижада мигрантлар орасида сил, ОИВ инфекцияси, С, В вирусли гепатити каби юқумли касалликларнинг қайд қилинаётганлиги ачинарлидир. Бундан ҳам ачинарлиси, улар ўз юртига қайтиб келганларидан кейин ушбу касалликни оила аъзоларига, яқинларига юқтирадилар.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, ноқонуний миграция эвазига киши ҳар қанча моддий манфаатдор бўлмасин, бу ҳолат унинг оилавий ҳаётига, маънавиятига, хавфсизлиги ва саломатлигига келтирилган салбий таъсир олдида арзимас сариқ чақадир. Шуларни тарозига солиб кўрганимизда, ноқонуний миграциянинг фойдасидан зарари кўпроқ эканлигини англаш қийин эмас.

Шундай экан, фуқароларимиз бу масалада огоҳ ва ҳушёр бўлишлари керак.

Райҳон ҚОДИРОВА, Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: