Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Хорижда меҳнат қилувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси тузилди

Хорижда меҳнат қилувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси тузилди


Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда одам савдоси билан боғлиқ жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Тахминларда қайд этилишича, ушбу қабиҳликдан жабрланганлар сони йилига ўртага 2,8 миллион кишига етмоқда.

Ҳа, одам савдоси бозори жуда катта даромад келтирадиган соҳа бўлиб, у наркотик савдоси ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Улар одамлар ишончини қозона оладиган, аёллар руҳиятини яхши ўзлаштирган, ҳаётидан норози қизларни осонлик билан илғайдиган тоифадир. Негаки, бу мудҳиш жиноятдан кўпроқ аёллар, қизлар азият чекмоқда.

Одам савдосини бир ёки икки давлатнинг муаммоси сифатида эмас, балки бутун дунё мамлакатларининг муаммоси сифатида қараш мақсадга мувофиқдир. Шу сабабли ҳам юртимизда мазкур муаммони бартараф этишга қаратилган қатор чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, яқинда "Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси юридик шахс мақомида ташкил этилди.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Шунингдек, меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш ҳам назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш ҳам жамғарма зиммасига юклатилган.

Яна бир муҳим жиҳат, хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ва жиҳозлаш ишлари билан ҳам Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси шуғулланади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилган, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.

Шавкатжон ШЕРНАЗАРОВ, Учқудуқ туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: