Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / АЛДОВ ҚУРБОНИ БЎЛМАНГ!

АЛДОВ ҚУРБОНИ БЎЛМАНГ!


"Биз бошқа мамлакатга борганимиздан сўнг, алданганимизни билиб қолдик. Биримизга ёши кекса қарияга энага бўласан, яна биримизга официантлик иши деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, икки-уч эркак аямай уришар, тепкилашар, хўрлашарди...”

Бу гаплар бир ўзбек аёлига тегишли. У мўмай даромад илинжида юрган кезларида "ишбилармонлар” қўлига тушиб қолади. Ёшгина, бунинг устига ҳусни ҳам жойида бўлган бу аёлнинг истакларидан воқиф бўлган фирибгарлар уни алдаб хориждаги ҳамкорлари – қўшмачилар қўлига топширишади. Албатта бекордан бекорга эмас, маълум манфаат эвазига.

Ҳа, манфаат деб энг манфур ишлардан ҳам қайтмайдиган, тубанликнинг минг бир кўчасига кириб чиққанларда на ор-номус ва на виждон бор эди. Йўқса, ўзбек бўла туриб, ўзбекистонлик бўла туриб ўз миллатдошини, ўз ватандошини сотармиди?

Тарихдан маълумки, барча давр ва замонларда ҳам ахлоқсизлик қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз номуссиз, ҳаёсиз одамларни даврага қўшишмаган. Аёл шаъни эса миллат шаънидек, асралган, ҳимояланган.

Минг афсуски, бугунги кунга келиб, бундай бебаҳо ҳикматларнинг қадри топталмоқда. Ер юзидаги қабиҳ ишлар камлик қилгандай, кейинги йилларда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Бунинг оқибатидан жабр чекканлар, оила деган улуғ масканнинг гуноҳига ботаётганлар сони ортиб бормоқда. Негаки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, аёллар ва болалар савдоси муаммоси бугун дунё миқёсида долзарб масалалардан бирига айланди.

Тасаввур қилинг, кечагина оиласи бағрида хотиржам яшаган, топиш-тутишидан қаноатланган инсон бугун ўз нафсининг сўзига кириб, яқинларидан анча узоқда хору, зорликда, ҳақ-ҳуқуқидан буткул мосуво бўлиб, одам савдоси қурбонига айланиб қолмоқда.

Фуқароларнинг чет эллардаги меҳнат фаолияти Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигиорқали амалга оширилиши уларнинг муайян давлат ҳудудида ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланишини, ижтимоий, тиббий муҳофаза этилишини таъминлайди. Шунингдек, жойларда фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар мавжуд бўлиб, фуқаролар шу хизматларга мурожаат қилсалар одам савдоси қурбони бўлишларининг олди олинган бўлар эди.

Гулбаҳор АЛЛАНОВА, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: