Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ҲАРБИЙ ХИЗМАТ – БУ ШАРАФ!

ҲАРБИЙ ХИЗМАТ – БУ ШАРАФ!


Дарҳақиқат, юртимизда ҳарбий хизмат – Ватан ҳимояси кўнгил ишига, юрак амрига айланган. Ўғлонларимиз: "Ҳарбий хизмат Конституция, қонунларда белгиланган, Ватан олдида зиммамга юкланган мажбурият, бурч экан,-демайди. "Ватан ҳимояси мен учун шараф”, дейди.

Муддатли ҳарбий хизматни олайлик. Сўнгги йилларда муддатли ҳарбий хизматга бориш учун бир ўринга 9-10 нафар чақирилувчи тўғри келяпти. Университет ёки институтга бир ўринга қанча абитуриент даъвогар бўлганига қараб, унинг нуфузини белгилаб ўрганганмиз. Демак, армия сафида хизмат қилиш ҳам худди нуфузли олий таълим муассасасига ўқишга кириш орзусидек ёшлар қалбидан жой эгаллаяпти. Табиийки, улар орасидан энг муносиблар сараланади. Яъни, чақирилувчилар танлов асосида сараланиб, жисмоний тайёргарлик даражаси, интеллектуал салоҳияти, билим даражаси текширилади.

Учқудуқ туман ҳокимининг 2018 йил 23 июлдаги 63-сонли фармойишига асосан,

туманда муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига саралаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг "Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган чақирилувчилар танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига биноан, чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш бўйича синовлар 25 сентябрдан келгуси йилнинг 15 январигача ўтказилади. Тест синовлари эса 10 октябрдан келгуси йилнинг 15 январигача ўтказилади. Йилнинг 16 январидан 21 январига қадар танлов учун захира кунлари белгиланишини ҳам эслатиб ўтамиз.

Чақирилувчилар қуйидаги кетма-кетликда умумжисмоний нормативларни бажаради: -турникда тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 метрга югуриш.

Умумжисмоний тайёргарлик синовларида биринчи марта қониқарсиз баҳоланган чақирилувчиларга навбатдаги умумжисмоний тайёргарлик синовларида тегишли нормативни яна бир марта қайта топширишга рухсат берилади.

Белгиланган муддатда узрли сабабларга кўра қатнашмаган чақирилувчилар учун қўшимча умумжисмоний тайёргарлик синовлари захира кунлари мудофаа ишлари бошқармаларида ўтказилади.

Чақирилувчиларнинг билим даражасини аниқлашда тест синовлари ўтказиладиган бино ва аудиториялар олдиндан тайёрланади. Тест синовларини мувофиқлаштирувчи тест материалларини мудофаа ишлари бошқармаларидан тайинланган мувофиқлаштирувчилар Давлат тест марказидан қабул қилиб олиб, тест синовлари ўтказиладиган бинога олиб бориш ва олиб келиш учун масъулдир.

Узрли сабабларга кўра, қатнашмаган чақирилувчилар учун қўшимча тест синовлари жадвалда белгиланган захира кунларда ўтказилади. Бунда мудофаа ишлари бошқармалари бундай чақирилувчиларнинг рўйхатини шакллантириб, тест синовига қатнашмаганлик сабабини кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги орқали Давлат тест марказига 3 кун олдин тақдим этади.

Тест синовлари натижасидан норози бўлган чақирилувчи тест синовлари натижаси эълон қилингандан сўнг уч иш кунида мудофаа ишлари бошқармасида ташкил этилган аппеляция комиссиясига ёзма равишда аппеляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

ЧАҚИРИЛУВЧИГА ЭСЛАТМА

Ўзбекистонда қуролли-кучлар сафида хизмат қилишни хоҳлаётганлар ҳар йили ўтказиладиган танловда фақат бир марта қатнаша оладилар. Бундан ташқари жисмоний нормативлар бўйича имтиҳонни бир кунда топширишади. Она тили, адабиёт, тарих ва математика фанларидан тест учун эса бир ярим соат ажратилади.

Тест натижалари эса етти кун ичида кўриб чиқилади ва priziv.dtm.uz сайтига жойлаштирилади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Қуролли кучлари сафига чақирилувчиларга талабларнинг кучайтирилиши ҳарбий хизматчилар савиясини, жисмоний тайёргарлиги ва маънавий етуклигини ошириш мақсади билан боғлиқдир.

Мана аскар бўлиш орзуси йўлида қандай довонлар, синовлар кутаётганини билиб олдингиз. Чақирув тизимидаги бундай ўзгариш ва янгиланишлар Қуролли Кучларимиз сафлари жисмонан ва маънан баркамол, шарафли касбни ҳаётининг мазмуни деб билган фарзандлар билан тўлдирилишида муҳим аҳамият касб этади.

Баҳром КИМСАНОВ, Учқудуқ туман мудафаа ишлари бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: