Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Маҳмудхўжа Беҳбудий: Бизни кемиргувчи иллатлар

Маҳмудхўжа Беҳбудий: Бизни кемиргувчи иллатлар

«Azon.uz» Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Бизни кемиргувчи иллатлар» сарлавҳали мақоласини тақдим қилди. Мақола 1915 йили «Ойина» журналининг 13-сонида чоп этилган.

Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захм-у маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, силария(ўпка сили)ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош(жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.

Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда «Ло талаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи», яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз…

Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элитиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар. Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан ташқарими? Худо учун сўйлангиз? Биз нима?

Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларға: «Ўлукни молидан аввалан ўлукға керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқға сарф қилинсун, сўнгра қарзи берилур. Сўнгра ортган молларни – варасасиға мувофиқи шариат тақсим қилиниб берилур», – дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзга бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8-10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими?

Беш-олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга адрас, азойи ва ғаниларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, ҳам отадан, ҳам ватандан айрилди-кетди. Бир ўртаҳол, бир бечора фақир ўлар. Онинг ғани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обрўй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар.

Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Ўзи сотмаганда судға сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур.

Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон илада қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф эцун, барбод эцун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20-30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларға ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасиға инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма – ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиёдаси ватансиз, ерсиз дарбадар бўлатургони маълум ва ошкордур. Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бириға никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурға, маҳкамаға, бонкаға кириб вазифа олса. Энди ноилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса, муздурлик ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни тўядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устиға тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорға ёниб кул бўлмоқдан бошқа илож йўқдур.

Биз бир таноб еримизни 200 сўм сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «эрни хўб пулға урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишдeк муқаррардур…

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: