Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ, БЎЛМАЙДИ!

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ, БЎЛМАЙДИ!

Меҳр ва эътиборга муҳтож инсонларга, айниқса ота-она меҳр-муҳаббатидан мосуво яшаётган болажонларга меҳр ва мурувват кўрсатиш, эзгу амалларнинг энг олийсидир. Бундан кемтик кўнгиллар юксалади, уларнинг ҳаётга, яшашга бўлган қизиқиши ортади.

Ҳурмат-иззатда бошқаларга ибрат бўладиган бу фазилатларимиз қадим-қадимдан бизга авлод-аждодларимиздан мерос бўлиб келяпти. Қолаверса, ушбу эзгуликларнинг савоби ҳам бисёр.

Қадимий қадриятларимиз сирасидан саналган бундай хайрли ишлар учқудуқлик педагог-тарбиячиларимизнинг аллақачон виждон амрига айланиб бўлган. Фикримиз далили сифатида 31 август куни Зарафшондаги "Шодлик” меҳрибонлик уйида бўлиб ўтган учрашувни келтиришимиз мумкин.

Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллик куни муносабати билан «Боланинг бегонаси, бўлмайди!» шиори остида ўтказилган байрам тадбирида муассасада камол топаётган 87 нафар болажон иштирок этди.

Тўкин дастурхон атрофига жамулжам бўлган муассаса тарбияланувчиларига Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими томонидан қимматбаҳо совғалар, китоблар, спорт анжомлари тақдим этилди.

Ёшлар иттифоқи Учқудуқ туман кенгаши фаолларининг чиқишлари, "Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоаларининг дилтортар наволари кўнгилларга кўтаринки кайфият улашди.

– Кўнгли ўксик болаларимиз учун кўрсатилаётган бундай меҳрибончиликдан жуда ҳам мамнунмиз, – дейди меҳрибонлик уйи директори – Зуҳра Дусова. - Ҳар сафар Учқудуқ тумани вакилларининг ташрифи ўғил-қизларимиз учун байрам бўлиб кетади. Бугун ҳам шундай бўлди. Тадбир жуда қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Болаларимиз бу кунни узоқ вақт ёдларида сақлайди.

Мурувват тадбирида Учқудуқ туман прокурори Ш.Шерназаров, Учқудуқ туман ИИБ А.Савуров, Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алланова, Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими мудири Н.Амоновалар иштирок этди ва истиқлол байрами билан муассаса тарбияланувчилари ҳамда педагог-ходимларини табрикладилар.

Дарҳақиқат, бизнинг бошқаларга айниқса, болажонларга меҳр-шафқатли бўлиб, саховат кўрсатиб, ана шундай эзгу амалларни муборак санаб, ҳамиша юрагимиз тўрида асраб юришимиз – қадримизни ҳам қаддимизни ҳам баланд қилади. Фарзандларини ҳам ёшлигиданоқ, шундай эзгу амалларга одатлантирган элдан ҳеч қачон меҳр-оқибат кўтарилмайди.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: