Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ҲУРЛИК НАШИДАСИ туманимизда Мустақиллик байрами кенг тантана қилинди

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ҲУРЛИК НАШИДАСИ туманимизда Мустақиллик байрами кенг тантана қилинди



Мустақиллик – энг улуғ, энг азиз байрамимиз. Бу кун ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқаргани, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклагани билан улуғ, мўътабар. Мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани, фарзандларимиз келажагига мустаҳкам замин яратаётгани билан азиз ва мукаррамдир.
28 август соат 10-00 да "Лочин” стадионида бўлиб ўтган байрам тантанасидан сурур туйган учқудуқликлар тилида "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган сўзлар қалб изҳори янглиғ янгради. Бу калом бугун диллардан дилларга кўчмоқда, еллар қанотида олис овуллар осмонида чарх урмоқда...

 

Бу ерга халқ депутатлари туман ва вилоят кенгаши депутатлари, корхона-ташкилот, муассаса ходимлари ва раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишган.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мамлакатимизнинг бош қўшиғига жўр бўлади.


Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович, Навоий кон металлургия комбинати директор ўринбосари Эргашов Ҳамидилло Олимжонович мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги билан туман аҳлини самимий муборакбод этадилар.

...Байрам саҳнасида ҳарбий кийимлари алпқомат гавдасига ярашган ёшлар, спортда юқори марраларни забт этган шода-шода медаллар кўксини тўлдирган учқудуқлик йигит-қизларнинг рамзий чиқишлари бу ерга тўпланганлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

...Болалик умрнинг беғуборлик, бахтиёрлик палласи. Бугунги болалар – озод ва обод юрт фарзандлари! Уларнинг юз-кўзларида ҳамиша қувонч, дилларида олам-олам орзулар бор. Байрам саҳнасини шодликка тўлдирган болажонларнинг қўшиқлари фикримизга ҳамоҳанг.

Ҳа, биз болажон халқмиз! Барча орзу-ҳавасларимиз, ҳаётимиз мазмуни фарзандларимиз билан боғлиқ. Шу боис, муҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан болаларнинг соғлом туғилиши ва баркамол улғайиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.


Биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, қарийб 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ эвазига Қулқудуқ овулидаги "Булдиршин” мактабгача таълим муассаси тубдан қайта қурилди ва энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди. Шунингдек, Узунқудуқ овулидаги "Балдирған”, туман марказида янгидан 125 ўринли мактабгача таълим муассасаси, "Йўлчилар” ОФЙ да 225 ўқувчига мўлжалланган умумий ўрта таълим мактаби биноси жадаллик билан қад ростламоқда.

Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.

Айниқса, тадбирда меҳмонда бўлган "Қаҳ-қаҳа” қизиқчилар театрининг чиқишларида ҳазил ва мутойибага бой диалоглар, Илҳом Фармонов, Ғиёс Бойтоев, Улуғбек Раҳматуллаев, Ботир Зокиров сингари эл севган хонандалар овозига тақлид қилиб ижро этилган ҳазиломуз қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.

...Майдон узра наво янграйди. Ўзбек, қозоқ, рус, тожик, татар тилида куйланган қўшиқлар ва ижро этилган рақслардан тўкилган ҳислардан қалблар ҳаяжонга тўлади.


Ҳеч кимни бахт ўз-ўзидан қучган эмас,

Қуш ҳам кўкка машаққатсиз учган эмас.

Ойдин тунлар, осойишта тиниқ тонглар,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Дарҳақиқат, ҳеч нарса осмондан тушмайди. Мақсадга, бахт-саодатга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу кунларга етгунча халқимиз не-не машаққатларни бошидан ўтказди.

Йиллар ўтади, замонлар ўтади. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси, Биринчи Президентимиз жасорати билан қўлга киритилган Мустақиллик куни мамлакатимиз тарихидан асло ўчмайдиган абадий сана бўлиб қолаверади.

Асрларга татигулик бу кун асрлар давомида энг улуғ, энг азиз байрам сифатида нишонланаверади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: