Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: “ЁМОНЛИКЛАР ОНАСИ” дан юз ўгиринг

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: “ЁМОНЛИКЛАР ОНАСИ” дан юз ўгиринг

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Хамр (яъни ақлни олгувчи ҳар бир нарса) ёмонликлар онасидир”, деган эканлар. Яна марҳамат қилиб дебдиларким: "Шароб шарманда этади, мускир жанжалкашга айлантиради. Унга мубтало бўлган ақлли эмасдир”, дейилган.

Минг афсуслар бўлсинким, асли мусулмонобод бўлган юртимизда, асли мусулмоншева бўлган одамларнинг фарзандлари ўз насабларини унутиб, ёмонликлар онасининг фарзандига айланиб боряптилар. Майхўрликка қарши гапириш, майхўрларни инсофга чақириш – шамолга қарши ҳайқириш каби бесамар кетяпти.

Ароқ одамнинг ўзигагина ёмон таъсир қилса, чидаш мумкиндир балки. Ароқнинг зурриёдга таъсири-чи? Мажруҳ туғилаётган болалар, туғилмаёқ ўлаётган болалар-чи?! Бирор кишини бехос уриб ёки туртиб юбориб, оёғини ёки қўлини майиб қилиб олсангиз, қонун олдида жазоланасиз. Лекин қўл-оёқсиз ёки ақлсиз туғилаётган болаларнинг мажруҳлигига сабабчи ота ёки онани жазоламаймиз. Тўғри, бу дунё қонуни жазоламайди, аммо Аллоҳнинг жазоси тайин-ку, қўрқмаймизми?!.

Шу ўринда ҳазрат Бобур Мирзонинг бир фармонларини эсга олсак, фойдадан ҳоли бўлмас. 1525 йилда имзоланган мазкур фармонга биноан майқатағон эълон қилинган эди.

Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айнан шу фармондан – майқатағондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган. Айни шу ичкилик, яъни "чоғир” умидли ва суюмли набира Мўмин Мирзонинг бошини узган.

Дарҳақиқат, ароққа берилган одамнинг бу йўлдан қайтиши қийин бўлади. Чунки, бу ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан биридир. Кимки нафсини жиловлай олса, имтиҳондан ўтади. Аллоҳ кимга марҳамат қилса, нафсни енгади, имтиҳондан ўтади. Аммо, нафсга қарши уруш очиш учун ўзида куч топа олмаган, иродасига қувват бера олмаган одам бу марҳаматга ета олармикин?!

Иймонни бир муаззам сарой десак, унинг ичига кирмоқ учун тиконзорни яланг оёқ кечиб ўтишга тўғри келар. Иймон саройига ҳам сизни биров кўтариб олиб кирмайди. Бобур Мирзо таъкидлаганларидек, эшикни астойдил қоққан одамларгина кирадилар. Асалариларнинг қўриқчилари ёмон жойга қўнган асалариларни уяга қўймас эканлар. Шунга кўра иймон саройига оғзидан ароқ ҳиди гупириб турганлар қўйилмайдилар.

Дуо қилайлик: барча майпарастларни бу йўлдан қайтариб, ҳидоят берсин!

Мухтасар айтганда, нафсни тарбиялашнинг энг биринчи шарти – тавбадир. Тавбалар ижобат бўлмоғини Аллоҳ насиб этсин. "Ёмонликлар онаси”дан юз ўгириб, ҳидоят онасига фарзанд бўлмоқлик барчамизга насиб этсин!.

Абдижалол ТУРДИЕВ,

"Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: