Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН – ЎЗБЕК АДАБИЁТИ осмонида порлаган тонг юлдузи!

АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН – ЎЗБЕК АДАБИЁТИ осмонида порлаган тонг юлдузи!

Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Юнусов — Чўлпон 1897 йилда Андижоннинг «Қатортерак» маҳалласида зиёли оиласида дунёга келган. Онаси уй бекаси бўлган. Отаси Сулаймонқул мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874-1929) деҳқончилик, ҳунармандчилик, баззозлик билан шуғулланган.

 

Чўлпон аввал эски мактабда, сўнгра эса Андижон ва Тошкентдаги обрўли мадрасаларда таҳсил олиб, турк, араб, форс тилларини мукаммал ўзлаштиради. Шарқ ижтимоий-сиёсий қарашларидан озиқланади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Деҳлавий, Низомий, Умар Ҳайём, Алишер Навоий, Абдулла Тўқай каби буюк сўз санъаткорлари ижодини меҳр билан ўрганади. Шу билан бирга, Андижондаги рус-тузем мактабида рус тилини чуқур ўзлаштириши натижасида жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади. Айни чоғда Туркистонда 1905 йилларда камол топа бошлаган маърифатпарварлик йўналиши таъсирида шакллана борди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний каби атоқли маърифат тарғиботчилари ва ташкилотчиларига эргашди, маърифатчи адиб бўлиб шаклланди.
Чўлпоннинг ижоди 1913-1914 йиллардан бошланга бўлиб, у аввал «Қаландар», «Мирзақаландар», «Андижонлик» ва ниҳоят Чўлпон (Тонг юлдузи) тахаллус билан ижод қила бошлади. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида ўз халқи адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг дастлабки асарлари «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» каби маҳаллий рўзномаларда, шунингдек, Оренбургда чиқадиган «Шўро» номли ойномада ҳам нашр этилади. Хусусан, Чўлпоннинг «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон» ҳамда «Бухоро ахбори» каби рўзномалардаги фаолияти ҳам унинг ижодий шаклланишида маҳорат мактаби бўлиб хизмат этди.

 

 

Чўлпон 1922-1926 йилларда ўзининг «Тонг сирлари», «Уйғониш» ва «Булоқлар» каби учта шеърий тўпламини нашр эттирди. 30-йилларга келиб «Соз» ва «Жўр» каби шеърий тўпламлари тайёрланди. Аммо «Соз»и чоп этилади-ю, «Жўр» тўплами катағонлик шамоли тузоғига илиниб, қолиб кетади. Шоир тўпламлари орасида «Булоқлар» (1922) ажралиб туради. Унда шоир яхлит ҳолда мазлум Шарқ тақдири фожеаси ҳақида ўз қарашларини тўкиб солади. Тўплам беш бўлимдан иборат бўлиб, «Шарқ учун», «Сезгилар», «Севги», «Қора йўллар» ва «Қор қўйнида» деб номланади. Шоирнинг ўзи қайд этишича, мазкур шеърий гулдаста «Жаҳон фотиҳлари чангалида эзилиб ётқон Шарқ ўлкаларига бағишданадир». Жумладан, «Амирнинг ўлими» шеърида шундай мисраларни ўқиймиз:
Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар,
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар,
Қуллар ўлкасининг инсонларими?
Чўлпон 1925 йилларга келиб «Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни» дея ижод соҳасида қарашларининг ўзгарганлигини эътироф этади. Унинг «Менинг товушим», «Куз», «Бузилган ўлкага», «Юпатмоқ истаги» каби дардчил шеърлари ёнига «Қизил байроқ», «Халқ», «Қўзголиш», «Қор», «Бир тилла қўнғиз», «Япроқ учун» каби умидли, армонли ва файзли шеърлари қўшилди. Шоир яратган икки юздан ортиқ шеърий асарлар ўз халқи, юрти, бахти, келажаги, мустақиллиги, озодлиги ҳақидаги курашнинг адабий солномаларидандир.
Чўлпон етук лирик шоиргина эмас, йирик носир сифатида ўнлаб публицистик мақолалар, очерк ва ҳикоялар, «Қор қўйнида лола», «Ёв» қиссалари ва «Кеча ва кундуз» (1938) каби ажойиб романининг биринчи («Кеча») қисмини нашр эттирган истеъдодли адиб ҳамдир.
У драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг «Халил фаранг», «Чўрининг исёни» каби кичик пъесалари, «Ўртоқ Қаршибоев», «Муштумзўр» каби етук драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган «Ёрқиной» пъесалари машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси В. Ян билан ҳамкорликда «Ҳужум» драмасини яратган.
Чўлпон адабий танқид соҳасида «Шўро ҳукумати ва садои нафиса», «Адабиёт недур?» каби мазмунли мақолалар ҳам яратган. Шунингдек, Чўлпон моҳир таржимон сифатида М. Горкийнинг «Она», А. С. Пушкиннинг «Дубровский» қиссаси ва «Борис Годунов» каби пъесаларини ҳамда В. Шекспирнннг машҳур «Ҳамлет»ини ўзбекчага ўгирган.
Чўлпон ҳам Фитрат ва Абдулла Қодирий каби қатағонлик сиёсати қурбони бўлган. У 1937 йилнинг 14 июлида қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган. 1956 йилда оқланиб, 1991 йилдагина биринчи бор «Яна олдим созимни» номи билан энг яхши шеърий асарлари тўплам ҳолида нашр этилди. Кейинги бир жилдлик китобидан унинг кенгайтирилган таржимаи ҳоли ҳамда «Кеча ва кундуз» романи ўрин олган.
Ҳозирги кунда Чўлпон номида нашриёт, кўча, маҳалла, кутубхона ва мактаблар қўйилган. Унга 1991 йил 25 сентябрда «Яна олдим созимни» китоби учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: