Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ТАБАРРУК СИЙМО. Мунавварқори

ТАБАРРУК СИЙМО. Мунавварқори

Мунавварқори халқимиз бошига тушган чоризм ва большевизм мустамлакачилиги йилларида "Мен-сендамен: сен-мендасен” ҳикматига мувофиқ элимиз, миллатимиз қалбига маърифат ва озодлик, эрк ва ҳурлик уруғини сочиб, юрт ҳаётининг серташвиш йўлларини мунаввар қилган йўлчи юлдуз эди.

"Мунаввар” – нур олган, нурли дегани. Туркияда ҳозир ҳам бу сўзни зиёли ўрнида қўллайдилар. "Қори” деб Қуръонни маромига етказиб ўқийдиганни айтганлар. У Тошкентнинг маърифатли бир хонадонида туғилиб, исмига муносиб бўлиб ўсди. Отаси Абдурашидхон Сотиболдихон Олимхон ўғли мударрис бўлиб, ўзи яшаб турган маҳалладаги Эшонқули додхоҳ мадрасасида ва ўз ҳовлисида мактаб очиб, 40 нафар ўқувчига дарс берган. Онаси Хосиятхон отин ҳам ўз ҳовлисида хотин-қизларни ўқитган.

Мунаввархон дастлабки таълим-тарбияни онасидан олиб, хат-савод чиқаради. Қуръони Каримни хатм қилиб, "қори” унвонини олгач, ҳали илмга яхши кириб бора олмаганини фаҳмлади.

"Юнусхон подшо” мадрасасида бир неча йил таҳсил кўрди, бироқ олган илмидан қониқмади. 1898 йилда Бухорога бориб ҳадис, фиқҳ, илми тафсир ва бошқа соҳалар бўйича таҳсилни давом эттирди.

Мунавварқори ўтган асрнинг 90-йилларида Исмоилбек Гаспирали томонидан Қримда асос солинган "усули жадид” – "усули савтия” (товуш усули)даги янги мактабни очишга бел боғлайди. 1901 йилда Мунавварқори 23 ёшида Тошкент шаҳрида илк усули савтия мактабини очади. Унинг мактаби юксак нуфузга эга бўлади.

Мунавварқори бошлаган янги мактаб усули Туркистонга тез ёйилади. Унинг ташаббускор жонкуярлари "тараққийпарвар” деб ном олади. Мунавварқори эса уларни бирлаштирувчи раҳбар ва йўлбошчига айланади. Ушбу мактаблар учун "Адиби аввал”, "Адиби соний” каби алифбо ва хрестоматиялар, "Тавжид ал-Қуръон” ("Қуръон қироати”), "Ер юзи” ("География”) сингари қўлланмалар тузиб, нашр этади. Бу дарсликлар 1901-1917 йиллар оралиғида энг ками 2-3, кўпи 9-10 мартагача алоҳида- алоҳида ҳолда нашр этилган.

У туркий тиллардан ташқари, рус, форс тилларини ҳам яхши билган. У кенг халқ оммасини дунё воқеаларидан хабардор бўлиши зарурлигини тушуниб, газета-журнал ва бадиий-илмий тўпламлар нашр этишга катта эътибор беради.

Ўзбек матбуотининг майдонга келишида Мунавварқорининг хизматлари катта бўлди. У ўзбек матбуотининг дастлабки намунаси 1906 йилнинг 27 июнида чиққан "Тараққий” газетасининг ташкилотчиларидан ва муаллифларидан эди. Ўша йили Мунавварқорининг ўзи "Хуршид” газетасини чиқарди.

"Хуршид” газетаси ўз саҳифаларида шариатга оид масалалар билан бир қаторда халқнинг аҳволи, иқтисод ва сиёсат муаммоларини ёритгани учун мусодара қилинади.

Кейинчалик Мунавварқори "Садойи Туркистон” (1914-1915) ни майдонга чиқаришда жонбозлик кўрсатди. 1917 йилнинг мартида эса ўзи муҳаррирлигида "Нажот” газетасини чиқарди. Шу йилнинг июнида эса Тошкентда Аҳмад Заки Валидий томонидан "Кенгаш” журнали ўртага чиқди. Кўп ўтмай, унинг муҳаррирлигини Мунавварқори олиб бора бошлади.

1913 йилда "Турон” жамиятини таъсис этади. "Мактаб”, "Нашриёт” каби ширкатлар очади. Жамиятнинг мақсади ерли мусулмон аҳолиси орасида маориф-маданиятга рағбат уйғотиш, уларга моддий-маънавий ёрдам бериш, улар учун саҳна асарлари тайёрлаш ва кўрсатиш эди. Мунавварқори ёшларни ривожланган мамлакатларда ўқитиш, шу орқали Миллат ва Ватанни фарзандларга танитиш, дунёни англатиш ишларига алоҳида эътибор берди. 1908 йилдан 1923 йилга қадар унинг ғайрат ва ташаббуси билан юздан ортиқ туркистонлик четда ўқиб келди. 1920-1923 йилларда бу ташаббусни Бухорода Фитрат ва Файзулла Хўжаев қўллаб-қувватлаб чиқдилар.

Лекин Мунавварқори миллат тарихида биринчи навбатда жамоат ва сиёсий арбоб сифатида қолди. У XIXасрнинг 90-йиллари охиридан умрининг сўнггигача Миллат ва Ватан равнақи, озодлиги йўлида кураш олиб борди. Унинг бутун ижоди ва фаолияти мана шу икки масала атрофида кечди.

1929 йили ГПУ томонидан Мунавварқори иккинчи маротаба қамоққа олинади. Унга миллатчилик айби қўйилади Уйида тинтув ўтказилиб, барча ҳужжатлари, китоблари ҳовлисида ёқиб ташланади.

У 1931 йилда халқ душмани сифатида отиб ташланди. Мунавварқори бор-йўғи 53 баҳорни кўрди. Шундан 39 йили "инқилоб”дан олдинги чоризм мустамлакачилиги азоби остидаги болалик, балоғат ва фаолллик даври бўлса, қолган 14 йили империя ва ленинча қатағонлик сиёсати томонидан маънавий хўрланиш замони бўлди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: