Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади:

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади:

Мамлакатимизда истиқлол йилларида тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, хусусан, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. 2000 йил 12 майда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида "Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуининг очилиши ҳам ана шундай эзгу ҳаракатлар самарасидир.

Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.

Мустақиллик туфайли аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимизни адо этишга имкон туғилди. Шу боис бу манзил қатағон қурбонларини хотирлайдиган муқаддас қадамжога, озод Ватанда туғилиб, камолга етаётган ёшларнинг зиёратгоҳига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майдаги "Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, пойтахтимиздаги "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуи бағрида бунёд этилган "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи ҳам истиқлол ғояларига асосланган ана шундай маънавият ва маърифат масканлардан биридир. Музей ўз фаолиятини 2002 йил 31 августда бошлади.

Мазкур музейнинг айнан Тошкент шаҳридаги Бўзсув соҳилида барпо этилгани бежиз эмас. Зотан, айни шу қаровсиз жойда зулм ва зўравонликка асосланган шафқатсиз шўролар тузуми даврида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари халқимизнинг не-не асл фарзандлари отилган, бекафан, бежаноза кўмиб юборилган.

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида энг машъум фожиалардан бири бўлди. Собиқ Иттифоқ таркибига кирган халқлар қатори ўзбекистонликлар ҳам фашизмга қарши урушга жалб этилди. Ўзбек халқи урушнинг биринчи кунлариданоқ бор кучини фашизм устидан ғалабага сафарбар этди. Бир ярим миллиондан зиёд юртдошимиз жангларда қатнашиб, мардлик намуналарини кўрсатдилар. 450 мингдан кўпроқ ўзбекистонликлар фронт­да ҳалок бўлди, минглаб ўзбек ўғлонлари ногирон бўлиб қайтди. Аммо шундай оғир кунларда ҳам собиқ совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати тўхтамади. Япония, Туркия, Польшакаби мамлакатлар билан чегарадош ҳудудларда яшовчи корейс, қрим татарлари, месхети турклари, поляклар, Волга бўйи немислари ва бошқа халқлар мутлақо асоссиз, мажбурий тарз­да бошқа ўлкаларга депортация қилинди.

Ўзбек халқи таҳқирланган, ватанидан жудо этилган кишиларга беқиёс меҳр-шафқат кўрсатди. Бу даврда халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳрибонлик, раҳмдиллик каби эзгу фазилатлари ёрқин намоён бўлди.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритиши билан мамлакатимизда тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда собиқ совет мафкураси ва унинг ғоявий қолипларидан халос бўлиш, бой тарихимизни ҳаққоний ҳамда холисона ёритиш имконияти туғилди.

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолияти, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Дарвоқе, "Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи билан бир қаторда Қибрай туманида Бўзсувнинг Салар қўрғонидан ўтган жойида Биродарлик қабристони барпо этилиб, "Шаҳидлар боғи” ташкил этилган. 1998 йили бу жой аҳолидан келган хатлар асосида ўрганилганида бир пайт­лар иккинчи қатлгоҳ бўлгани маълум бўлди. Бу ерда 1942-1947 йилларда анчагина юртдошларимиз қатл қилинган экан. Шу боис вилоят ҳокимининг қарори билан 1 гектарлик ер ажратилиб, "Шаҳидлар боғи” барпо этилди. Ҳозирда бу боғда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз айёми сайл ва маросимлар ташкил этиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: