Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ, ЁР!

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ, ЁР!


Ҳа, юксакликка интилган одамгина ўзи истаган маррага эриша олади. Ана шундай юксак марраларни кўзлаб биринчи довонни забт этган ёшлардан бири Умрзоқ Умаровдир. У куни-кеча тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, Самарқанд Давлат тиббиёт институтига талабаликка қабул қилинди.

Умурзоқ туманимиздаги 10-сонли мактабнинг 9-синфини аъло баҳоларга тугатиб, Навоий Давлат педагогика институти қошидаги академик лицейда табиий фанлар йўналишида таҳсил олди. Бу ерда устозлари Маҳфуза Ибодова, Нарзулло Қодиров, Бахтиёр Эшимов, Тозагул Дусановалардан фан сирларини пухта ўзлаштирди.

-Тест топшириқларини ечиш жараёнида бутун куч-иқтидорим, зеҳним ва салоҳиятимни ишга солдим, — дейди Умрзоқ. — Буни қарангки, 166,5 балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга кирибман. Демак, интилганга толе ёр. Ҳаракат қилган инсон кутилган натижага албатта эришади. Шунчаки омад келиб қолар деб, тест жавобларини таваккал белгилаш орқали мақсад қилинган маррага эришиб бўлмайди. Айни дамда орзуларим янада қатъийлашиб, унга элтувчи йўллар аниқлашиб бораётгандай. Учқудуқда шифокорларга айниқса, акушер-гинекологларга бўлган эҳтиёж юқорилигини отам Эргаш Аҳмедов туман тиббиёт бирлашмасида бош врач бўлган кезларидан биламан. Шу боисдан шу касбни, шу йўналишни танладим. Талабалик бахтини менга билдирилган учқудуқликларнинг ишончи деб қабул қиламан ва келгусида етук врач бўлиб шаклланишга ҳаракат қиламан.

Билими зўр мингни йиқди — энг зукко ва билимдон ёшлар талабалик бахтига эришди. Улар орасида ўзига, билимига порлоқ келажагига қатъий ишонган, мақсад сари дадил интилган Умрзоқ Умаров ҳам бор!.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: