Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: Умумхалқ хайрия ҳашари якунланди

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: Умумхалқ хайрия ҳашари якунланди


 

Кўнгилдан бошланган ободлик, яратиш-яшнатиш иштиёқи она-Ватанга чексиз меҳр-муҳаббат ифодасига айланиб, борлиққа кўркамлик, гўзаллик бағишлайди. Энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами арафасида 18-19 август кунлари уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашари Учқудуқ туманида уюшқоқлик билан ўтказилди.
Ҳашар — элимизга ярашадиган юмуш, қадриятлардан. Шу боис бундай хайрли амаллардан ҳеч бир учқудуқлик ўзини четга тортгани йўқ. Бу йилги ҳашарнинг жойларда уюшқоқлик билан ташкил этилганини 13592 нафардан зиёд юртдошларимизнинг фаол иштирокида ҳам билиш мумкин. Уларнинг 4022 нафардан ортиғи ёшлар экани эртамиз эгаларининг жамоат ишларида тобора фаоллашиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан 129,8 гектарга яқин майдон ободонлаштирилди, 44 километрдан зиёд ариқ-зовур ва лотоклар тозаланди, 15 та қабристон ҳамда 4 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди.
Бундан ташқари, қарийб 17 946 тупдан зиёд дарахт ва кўчатга шакл берилиб оқланди. Ҳашар ишларига 56 та техника воситалари жалб этилиши натижасида 119 тоннага яқин чиқинди белгиланган жойларга ташиб чиқарилди.
Ҳашар кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳам эътибордан четда қолмади. Хайрия тадбирларида 28 та кам таъминланган оилаларнинг 4452 м2дан зиёд уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 20 нафар ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар берилди.
Мазкур хайрия тадбирларига 16362,8 сўмдан зиёд маблағ, шундан
2282,0 сўмга яқини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга сарфланди.

 

Ҳашар муносабати билан барча корхона, муассаса ва ташкилот ишчи-хизматчиларининг бир кунлик иш ҳақи «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлими ҳисобига ўтказиб берилаётир.

Бу йилги ҳашар ўтган йиллардагига қараганда ўзгача файз-тароват, шижоат билан, асосийси, ҳамжиҳатликда ўтди. Боиси истиқлолимизнинг 27 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш ҳар бир юртдошимизнинг эзгу муддаосига айланган.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: