Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили УЧҚУДУҚДА – УЙЛАР ДИЗАЙНИ ЎЗГАРИШИ МУМКИН!

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили УЧҚУДУҚДА – УЙЛАР ДИЗАЙНИ ЎЗГАРИШИ МУМКИН!

Инсон дунёда яшар экан, албатта, бирор бир касб-кор билан шуғулланиши лозим. Илм ўрганиш каби ҳунарли бўлишни ҳам ота-боболаримиз «фарз» санашган. Шунинг учун бўлса керак: «Бир йигитга қирқ ҳунар оз», деган нақл сўз бугун ҳам ҳар қачонгидек долзарб.

Шимолий кон бошқармаси таъмирлаш - механика цехида жиҳозларни таъмирлаш цехи устаси лавозимида ишлаётган Элёр Хушназаровнинг амалга оширмоқчи бўлган ғояси бор. Янгиликка ўч, интилувчан бу йигит мамлакатимизда экологик тоза маҳсулотлардан бинолар қуришни орзу қилади.

Элёр Навоий вилоятининг Хатирчи туманида таваллуд топган. Ёшлигидан қишлоқда ўсган бола борки тешани рандадан фарқлай олади. Яна бир томони Элёрнинг дадаси Нормамат ака узоқ йиллар қурилиш соҳасида ишлаган. Ана шулар сабабми, Навоий давлат кончилик институтини битирган қаҳрамонимизда йиллар ўтгани сайин қурувчиликка ҳавас ортса ортди-ки, камайгани йўқ.

- Юртимиз кундан – кун чирой очиб бормоқда. Замонавий иншоотлар, кўприклар, маиший бинолар, муҳташам иморатлар қад кўтармоқда. Иморатларнинг қиёфаси, ландшафт дизайни, микроиқлими, қулайлик яратиши барча-барчаси ўзгармоқда-дейди Элёр. -Ўзим шу соҳага қизиққаним сабабли, уйнинг лойиҳа макетларини ясайман. Менинг ишларимда кўпроқ ёғоч ишлатилади. Бу кўпчилик назарида қимматга тушади. Аслида бизнинг иқлим шароитида ёғочдан уй қуриш сифатли ва арзон-уй жойлар яратиш имконини беради.

Элёрнинг орзусидаги уйларга эътибор қаратамиз. Ҳаммасига замонавий тус берилган. Икки қаватли болихонали уйлар. Ихтирочининг айтишича, дераза ойналарнинг кўплиги хона ҳароратини барқарорлаштириш баробарида энергияни тежашга ёрдам беради. Энг файзлиси - уйларнинг йўлакларига киришингиз биланоқ, ўз-ўзидан ёнадиган чироқлар ўрнатилади ва эшиклари ҳам махсус код-рақам орқали очилади. Ҳар бир хонадонга интернет ва кабелли телевидение учун мосланган қурилмалар бўлади. Ҳатто уйларда қария бобо-бувиларимиз учун махсус тушиб - чиқадиган йўлак барпо этилади. Элёрнинг ихтиросида бу ерда яшайдиган хонадон эгаларининг фарзандлари учун қулай шароитлар яратилади.

Элёр туғилиб ўсган Хатирчининг Хўжақўрғон қишлоғи бу йил Президентимиз ташаббуси билан "Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, янгича қиёфа касб этмоқда. Унинг ёшликдаги орзулари – баланд ва чиройли бинолар қад ростламоқда.

Бугун мамлакатимиз келажагини Элёр каби ёшларнинг инновацион ғояларига, ўша ғоялар сари дадил қўяётган қадамларига ишонади. Юраги тубида тугиб қўйган эзгу мақсадлари, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун меҳнат қилаётган, тинмай изланаётган Элёр Хушназаровнинг ишланмалари, ғоялари, макет уйлари кун келиб нафақат мамлакатимиз балки дунё халқларининг ҳам орзусидаги хонадонларнинг бошпанасига айланиши мумкин.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: