Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ИСТИҚЛОЛ ШУКРОНАСИ ҲУРЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ!

ИСТИҚЛОЛ ШУКРОНАСИ ҲУРЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ!

Аллоҳ инсонни яратиб, уни барча махлуқотларнинг энг мукаррами қилиб қўйди. Бас, шундай экан биз бир лаҳза ҳам инсон эканлигимизни унутмай дунё ҳаётида ўзимизга ато этилган барча неъматлар шукрини қилиб яшашимиз керак.

Хўш, шукр ўзи нима? Биз қайси амалларимиз билан ўзимизга берилган неъматлар шукрини адо этган ҳисобланамиз. Буюк бобокалонимиз ҳазрат Навоий "Насойим ул-муҳаббат” асарида улуғ шайхлардан бири Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизийдан шукр ҳақида сўраганларида унинг:

"Шукр – қалбни мунъим – неъмат соҳиби Аллоҳга боғлашдир”, – деб жавоб қайтарганини таъкидлайди. Қалбни неъмат соҳибига боғлаш қандай кечади? Бунинг учун ҳар бир киши нима ишлар қилиши ва нималарда ўзини тийиши керак бўлади? Биз инсонлар ана шуни теран англаб етишимиз ва ҳамиша унга амал қилган ҳолда умргузаронлик қилишимиз зарур.

Инсонга ато этилган неъматларнинг ичида, шубҳасиз, энг улуғи ҳурликдир. Зеро, кимгадир қарам бўлган, кимнингдир кўрсатмаси билан яшашга одатланган бирор инсон ёки халқ ҳеч қачон бу неъматнинг моҳияти ва унинг шукрини адо этиш зарурлигини англаб етмайди.

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, халқимизни ана шундай улуғ неъмат – Истиқлол билан сийлади. Мана йигирма етти йилдирки, биз Мустақиллик неъматининг соҳиби бўлиб турибмиз. Истиқлол шарофати билан халқимизнинг ижтимоий, сиёсий-иқтисодий, маънавий-маърифий, диний-эътиқодий ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар вужудга келди ва бу борада яна жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Аллоҳ бизга Истиқлолни ато этди, у билан охиратни исташлик эса ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун биз Истиқлолимиз бардавом бўладиган хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларидан четда қолмаслик учун ҳунаримиз, билимимиз, ташаббусимиз, маслаҳатимиз, панд-насиҳатимиз, яъни қўлимиздан нима келадиган бўлса ҳаммасини шунга сафарбар қилишимиз керак. Ана шу қилган барча эзгу амалларимиз одамларга эҳсонимиз – яхшилигимиз бўлади.

Ёрдамга муҳтож бир кишига қўл узатиш, адашган бир кимсани тўғри йўлга чақириш, ҳали ҳаёт нималигини билмайдиган болани эзгулик йўлида тарбиялаш каби ўнлаб эзгу амаллар борки, шуларни адо этиш юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавомлиги, турмушимиз фаровонлиги, ободонлик ишларининг юксалишига қўшган ҳиссаларимиз ва дунёдаги насибамизни унутмаган ҳолда охиратни исташимиз бўлади.

Истиқлол бардавомлиги тинчлик туфайлидир. Бугун дунёнинг турли минтақаларида амалга оширилаётган бузғунчилик туфайли ўнлаб мамлакатларда тинчлик анқонинг уруғига айланиб қолди. Тинчликка раҳна солиниши ўзаро ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик, бунёдкорлик ишларига путур етказди. Натижада бир пайтлар эмин-эркин, озод яшаган халқлар қарамликка, кимларгадир муҳтожликка маҳкум бўлдилар. Бир пайтлар обод бўлган ўлкалар вайронага айланди. Буларнинг барчаси замирида неъматларга ношукрлик иллати ётибди десак, асло хато қилмаган бўламиз.

Биз бугун озод ва обод юрт фарзандларимиз. Турмушимизнинг барча жабҳаларида Истиқлол нишоналари кўзга яққол ташланиб турибди. Бизнинг олдимизда турган энг улкан вазифа мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизни бугунги кунда авж олиб кетган турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаб вояга етказишдир. Ана шу вазифани кўнгилдагидек уддалаб амалга ошира билишимиз Истиқлол шукронасидир. Эзгу ишларни амалга ошириш, эзгу ишларга бош бўлиш ҳар биримиздаги юксак ватанпарварлик намунасидир.

Абдижалол ТУРДИЕВ, «Қизилқум» жомеъ-масжиди имом-хатиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: