Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ФАРМОННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЗАРУРАТИ

ФАРМОННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЗАРУРАТИ

Ҳар биримиз ўз фаолиятимиз давомида у ёки бу турдаги маъмурий ҳужжатларга дуч келамиз ва ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучига ишониб ҳаракат қиламиз.

Маъмурий ҳужжат – бу жисмоний ва юридик шахслар учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи давлат органи вазирлик, идоралар ёки мансабдор шахс ҳокимнинг ҳужжатидир.

Давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳокимият вакиллари ҳисобланади. Улар ўз вазифаларини давлат номидан амалга оширишади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларни давлатнинг қарори деб билишади ва унга ишонч билдиришади.

Демак, ҳар қандай маъмурий қарор давлатнинг айтган сўзи деб тушунилади. Инвестор ёки тадбиркор маъмурий ҳужжат асосида давлатга ишониб, ўз маблағларини маълум бир фаолият турига йўналтиради.

Бироқ, қонун ҳужжатларидаги айрим бўшлиқлар туфайли қатор муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Маъмурий ҳужжатларнинг баъзи сабабларга кўра юқори турувчи орган томонидан ёки шу ҳужжатни қабул қилган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши каби ҳолатлар кузатилади. Бундай ҳолларда бекор қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор ёки инвестор зарар кўриб қолар ва бу зарар қоплаб берилмас эди.

Шу каби қонун бузилишларини бартараф этиш ва мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, қатор кафолат ва имтиёзлар яратилди. Хусусан, биринчи марта "Ишончли ҳимоя қилиш принципи” тушунчаси қўлланилмоқда. Унга мувофиқ, давлат органининг маъмурий ҳужжати ҳақиқий эмас деб топилса ёки бекор қилинса, унинг натижасида инвестор ва тадбиркорга етказилган мулкий зарарнинг ўрни қоплаб берилади.

Бунинг учун қуйидаги шартларга амал қилинган бўлиши керак: тадбиркор томонидан маъмурий ҳужжат асосида маълум бир қийматда инвестиция киритган бўлиши, инвестор ва тадбиркорнинг инсофли бўлиши, ҳужжат қабул қилинганидан кейин маълум вақт ўтгач ҳақиқий эмас деб топилган ёки бекор қилинган.

Мулкий зарар биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор мансабдор шахсдан регрес тартибида ундириб олинади.

Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилган.

Инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш фақат суд томонидан амалга оширилиши белгиланди. Илгари туман ҳокими ўзи чиқарган қарорга ўзи ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу коррупцион ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келар эди. Эндиликда инвестор ва тадбиркорлар судда ўзларининг манфаатларини томонларнинг тенглиги принципи асосида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: