Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “МЕН БАРИБИР ОТАБЕКНИ СЕВАМАН!”

“МЕН БАРИБИР ОТАБЕКНИ СЕВАМАН!”

Республика миқёсидаги нуфузли бир ташкилотнинг бўлим раҳбарлари, фаоллари билан учрашув бўлди. Мавзу: "Розилик нима?” Бу мавзуни ёритишда Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар” романига суяниб гапиришни яхши кўраман. "Отабек сиз кутгандай яхши инсон эмас, - деб гап бошлайман, - у нима учун бахтли бўлмади?, нима учун Кумуш билан қўша қаримади? Чунки у отасини, онасини, марғилонликларни айниқса, Зайнаб ва унинг ота-оналарини норизо қилди! Бундай норозиликлар остида бандаси бахтли бўлиши мумкин эмас. Қодирий устоз бор муҳаббати билан уларни қовуштиришга, бахтли қилишга ҳаракат қилди. Аммо Ҳақнинг ҳукми ҳукм бўлди! Зайнабнинг заҳар солаётганини Қодирий кўрмай қолди! – Отабекнинг ҳатоси учун Кумуш қурбон бўлди”... Шу тарзда гапни аста едириб боряпман. Аудитория борган сари жимиб кетяптими, чўкиб кетяптими, билмайман. Шу пайт элликлар атрофидаги бир аёл қўл кўтарди-да, гап бошлади: "Мен сизни ғоят яхши кўраман, китобларингиз болишимнинг тагида туради, менимча, сизни умрим давомида шундай яхши кўриб ўтсам керак. Аммо... аммо Отабек ҳақидаги гапларингизни қабул қилолмайман (у бирдан ҳиқиллаб йиғлай бошлади), у сиз айтгандай одам эмас, кечирасиз-у, менинг бутун ёшлигим уни яхши кўриш билан ўтгкан. Отабекни ёмонламанг, мен рози эмасмак”! У ҳамон йиғлар, атрофдагилар ҳам унга кулиб эмас, бамисли ҳамдардлик билдиргандай қарамоқда эдилар. Яшасин сўз! Яшасин адабиёт! Абдулла Қодирийнинг ўз қаҳрамонларини китобхонларнинг суяк-суягига жойлаб қўйганига қойилмисиз?!

Мен жавоб беряпман: "Ўргилай сиздан, менинг Отабекка ҳеч қандай хусуматим йўқ. Уни умримда кўрган ҳам эмасман, кўчасидан ҳам ўтган эмасман. Аммо "ёмонлик қилма, ёмонлик кўрасан” деган фалсафамиз бор, шундайми? Хўш, сизнингча, Отабек нима учун бахтсиз бўлди? Демак, у қайсидир хатосига жавоб беряпти, шундаймасми! Сиз билан бизнинг вазифамиз унинг ўша хатосини топиб таҳлил қилиш ва шу хатони такрорламасликдир. Отабекнинг хатоси шунчаки хато эмас. Масалан, араққа берилган одамнинг арақни кўрганда дунёдаги ҳамма нарсани унутиб, шишага ёпишиши, наркотикка илашган бангининг ота-онаси, бола-чақаси, ору номусини унутиб, ўша нарсага мукка тушиб олиши қандай хунук бўлса, Отабекнинг ҳаммага орқа ўгириб, "мен Кумушга етишсам бўлди” деб туриб олиши шундай хунук бўлди. Йўқ, даъво қилманг, бу – муҳаббат эмас! Билиб қўйингизким, муҳаббат ҳеч кимга малол келмайди! Отабекнинг "муҳаббати” эса ҳаммани синдирди!”... Хона жим бўлиб қолди. Ҳалиги аёл ҳануз йиғлар, аммо бошини аста қимирлатиб мени маъқуллар эди...

"Ўтган кунлар” – сўзлар йиғиндиси. Ёзувчи сочилиб ётган воқеликларни териб, йиғиштириб, ўнлаб йиллар хотира халтасида кўтариб юриб, сўздан сувоқ, сўздан ямоқ қилиб, бир билимхона яратди. Унинг ярми бадиий ёлғон! Бу рост! Аммо кўриб турибсиз, қанчадан-қанча одам сўздангина яралган бу ибратхонага қараб, андоза олиб яшайди!

Яшасин сўз!

Турсуной СОДИҚОВАНИНГ "Бахт қаерда” китобидан.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: