Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ПАХТА-2016 Учқудуқлик ҳашарчилар

ПАХТА-2016 Учқудуқлик ҳашарчилар

 

 

 

ПАХТА-2016

Учқудуқлик ҳашарчилар

 

Бугун ҳамманинг ўрни пахтазорда. Ҳашарчию теримчилар қўли-қўлига тегмай, вилоятимизнинг улкан хирмонини яратиш иштиёқида жавлон урмоқдалар. Мана уч йилдирки, учқудуқликлар ҳам бу борада ўрнак кўрсатишаётир.

Туман ҳокимлигининг вилоят пахтазорларида етиштирилган мўл-кўл ҳосилни ёғин-сочинга қолдирмай йиғиб-териб олишга кўмаклашиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган таълим масканлари ўқитувчи-мураббийлари, тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда ҳокимлик тасарруфидаги бошқа қатор ташкилотлар вакилларидан иборат 600 нафар ҳашарчи Хатирчи туман "Оқ-олтин”, "А.Ҳалимов”, "М.Улуғбек” фермерлар уюшмаларига қарашли пахта далаларида астойдил меҳнат қилишмоқда. Оби-ҳавонинг қулай келаётган ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланаётган туманимиз вакиллари далалардаги ҳосилни сўнги мисқолигача йиғиштириб олиш учун терим суръатини бўшаштирмаяптилар.

Журналистлар ҳар бир соҳада, ҳар бир сафда ўз ишининг фидойиларини излаб топиб, уларнинг қилаётган эзгу ишларини ҳалққа етказиш иштиёқида қалам тебратиши ҳеч кимга сир эмас. Шу анъанага содиқ қолган "Учқудуқ” газетаси ижодий жамоаси Хатирчи туман "Олтинсой” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб қайтишди.

Бизни дала майдонида очиқ чеҳра билан кутиб олган туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Марат Шамуратов,-Айни тушлик вақтида ташриф буюрганингиз яхши бўлди-да. Қаранг, ҳаммамиз бир дастурхон атрофига тушликка йиғилганмиз,-деди. Суҳбатимиз давомида ундан илғор теримчилар ҳақида сўраганимизда қуйидаги, 1-сонли МТМ тарбиячиси Мақсуда Саъдиева, 18-умумтаълим мактабидан Нигора Муҳаммадиева, "Баркамол авлод” марказидан Зилола Ғойибназарова, Сайёра Умирзоқова, Шаҳноза Бобохўжаева, Ноила Нурмуродова, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими ходими Гулбаҳор Хожаева ҳамда туман Ободонлаштириш бошқармасидан Шаҳло Қурбонова ва бошқа кўплаб теримчилар 110-125 кг.дан пахта тераётганини алоҳида эътироф этди.

Ҳашарчилар учун кунига икки маҳал иссиқ овқат берилаяпти. 1-сонли МТМ ошпази Бағила Абдирова ҳамда таъминотчи туман молия бўлими ходими Зайни Абдураҳмоновларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳашарчилар учун пиширилаётган таомлар мазали ва сифатли қилиб тайёрланмоқда.

Мухтасар айтганда, учқудуқлик ҳашарчилар ўз олдидаги бурчларини бир лаҳза бўлсин унутмаган ҳолда "Пахта-2016” мавсумида енг шимариб жонбозлик кўрсатишаётир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.