Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ КАФИЛЛИГИ билан авф этилди

УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ КАФИЛЛИГИ билан авф этилди

Давлатимиз раҳбарининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида хотин-қизлар қўмиталари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгар экани белгилаб қўйилгани Зулайҳо Мусурмонова (исми-шарифи ўзгартирилган) сингари аёлларнинг ўз ҳаётларини тўғри йўлга солишларида ўз аксини топмоқда.

У Дилафрўз Умарова уйидаги сейфни очишга уринаётганида қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилди. Бу иш жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан кўриб чиқилиб, Зулайҳо жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилди. Аслида воқеа қандай бўлган эди?!

Зулайҳо Мусурмонова оғзаки келишув асосида маълум бир маблағ эвазига Дилафрўз Умарованинг савдо дўконида «ёлланма» ишчи сифатида ишлаб юрган. Унинг моддий жиҳатдан яхши таъминланганини билиб, яшаш уйида ортиқча пул маблағларини сақлаб келаётганидан хабардор бўлиш асносида Зулайҳода моддий бойликка эгалик қилиш истаги туғилади.

Мақсадни аниқ кўзлаган Зулайҳо Д.Умарованинг ишончига кириб, уйига тез-тез тушлик қилгани борган. Ана шундай ташрифларнинг бирида калитни ўғирлаб олган.

Ўша куннинг ўзида ўғирланган калит билан хонадонга кириб, сейфни очишга уринаётган вақтида Д.Умарованинг фарзандлари уйга кириб келган. Жиноий хатти-ҳаракатини давом эттира олмаган Зулайҳо қочишга уринган…

У Учқудуқ туман хотин-қизлар кўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи Учқудуқ туман кенгашининг кафолат хати билан суд залидан озод этилиб, келажакда ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик, феъл-атворини яхшилаш мақсадида ўзи яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини назоратига олинган.

— Бундай ғамхўрлиги учун туман хотин-қизлар кўмитаси раисига миннатдорлик билдираман, — дейди Зулайҳо Мусурмонова. — Келажакда бундан тегишли хулоса чиқариб, фарзандим тарбияси билан жиддий шуғулланиб, ҳаётда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қиламан.

Жаҳонгир КАРИМОВ, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: