Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: АЁЛЛАР ҲУҚУҚЛАРИ - СУДЛАР ҲИМОЯСИДА

УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: АЁЛЛАР ҲУҚУҚЛАРИ - СУДЛАР ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимизда аёлни улуғлаш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муносиб ҳаёт шароитини яратиш, оғирини енгил қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди.

Хусусан, ушбу фармонга биноан оила институтини мустаҳкамлаш бўйича энг аввало «Соғлом оила – соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга кенг тадбиқ этиш орқали давлат органлари хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда нотинч, муаммоли оилаларни аниқлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.

Ҳа, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш судлар олдидаги устувор вазифалардан ҳисобланади. Ҳозирда суд мажлиси ҳақида туман хотин-қизлар қўмитасини хабардор қилиш, хулосасини олмасдан туриб никоҳдан ажратиш ҳақида қарор қабул қилмаслик сингари вазифалар белгилаб қўйилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан биргина жорий йил 6 ойида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ жами 46 та фуқаролик ишлари мазмунан кўриб чиқилиб ҳал этилди.

Факт ва рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, оилавий ажримлар борасидаги ишлар туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида кўриб чиқилиб 18 та никоҳдан ажратиш даъвоси қаноатлантирилмади. 2 таси иш юритувдан тугатилди, 1 та иш кўрилмасдан қолдирилди.

Шу билан бирга суд томонидан хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, даъвогар Улжан Жумахмедова Шимолий кон бошқармаси «Даугизтау» қўрғонидаги 2-сонли ошхонада идиш ювувчи бўлиб ишлаган. У 1 литр сути билан корхона ҳудудидан чиқиб кетаётганида қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан тўхтатилган. Шу сабабли иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Суд иш ҳужжатлари билан танишиб, даъвогар бу каби ҳолатни биринчи марта содир этганлиги, сўнгги бир йил давомида интизомий жазога тортилмаганлиги, иш ва яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини инобатга олиб ҳамда Улжан Жумахмедовага туман хотин-қизлар қўмитаси кафил бўлганлиги учун ҳам ўз ишига қайта тикланди.

Шунингдек, Дилафрўз Муйдинова Шимолий кон бошқармаси автомобиль транспорт бошқармаси эксплуатация бўлимида катта диспетчер вазифасида ишлаб келган. Унинг иш ўрни қисқартирилиб, тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ишни суд тартибида кўриб чиқиш жараёнида иш берувчи даъвогарни бошқа ишга жойлаштириш имконияти бўлса-да, уни мақбул келадиган иш билан таъминлаш чорасини кўрмаганлиги маълум бўлди. 2018 йил 24 апрелдаги фуқаролик ишлари бўйича туман судининг ҳал қилув қарорига асосан, Дилафрўз Муйдинова ишга қайта тикланиб, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб берилди.

Ҳа, бу каби мисолларни истаганча келтириш мумкин. Мурожаатга эътибор инсонга, унинг дарду ташвишига бўлган эътибордир. Зеро, жамиятда қонун устуворлиги, инсон шаъни, қадр қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият бўлиб қолаверади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: