Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / 24 ёшли келин устидан ҳукм ўқилди

24 ёшли келин устидан ҳукм ўқилди

 

   Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда раислик этувчи Ж.Каримов томонидан, З.М.га нисбатан жиноят иши кўрилди. Эндигина 24 ёшни қаршилаган бир гўдакнинг онаси, бир оиланинг ёш келинчагини судда бош эгишига нима сабаб бўлди экан?

Судланувчи З.М. Учқудуқ тумани "Деҳқон бозори” ҳудудида жойлашган савдо дўконида оғзаки келишув асосида, ёлланма ишчи вазифасида ишлаб келади. Дўкон эгалари хонадонига бориб турган З. уларнинг моддий жиҳатдан яхши таъминланганлиги ва яшаш уйида пул маблағлари сақлашларидан огоҳ бўлади. Ушбу пул маблағларни яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилиб, ўзининг паст ниятли мақсадига эришиш учун жиноий режа тузади. З. 2018 йил 26 июнь куни соат 12:30 ларда Д.Умарова билан унинг уйига тушлик қилиш мақсадида бориб, хонадон соҳибаси уй-рўзғор ишлари билан бандлигидан фойдаланиб, хонадон кириш эшиги калитини сездирмасдан олиб қўяди. 16:30 ларда Д.Умарованинг хонадонида уй эгалари йўқлиги тўғрисида хабар топиб, тиш олдириш баҳонаси билан иш берувчи Умаровадан бир соатга жавоб олади. Олдиндан ўлга киритган калити билан хонадон эшигини очиб мазкур хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, хонадон балконида турган сейфни очмоқчи бўлган вақтида, мазкур хонадонда яшовчи Д.Умарованинг ўғли А.Тохиров ва қизи А.Тохировалар келиб қолганлиги сабабли, ўз жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охиригача етказа олмасдан, воқеа жойидан қочиб яширинган.

 

Судланувчи З.Мўминова ўзининг ушбу ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 169-моддаси 
2-қисми "г” бандида назарда тутилган, "Ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини, ғайриқонуний равишда кириб, яширин равишда талон-торож қилишга суиқасд қилиш” жиноятини қасддан содир этган.

 

Судда З.М.содир этган жиноий қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб айбига иқрор бўлди.

Судланувчи З.Мўминованинг манфаатларини ҳимоя қилувчилар Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Учқудуқ туман кенгаши раиси О.Тилавов ва Хотин-қизлар қўмитаси Учқудуқ туман кенгаши раиси Г.Аллановалар судга ариза тақдим этиб, унда З.Мўминованинг жиноий қилмишига чин кўнгилдан пушаймонда эканлиги, айбига иқрорлиги, содир этган жиноятини оқибатини тушуниб етганлигини, келгусида бу ҳолат такрорланмаслигини, биринчи маротаба мазкур жиноятни содир этганлигини, келгусида ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши ва тузалиши йўлига ўтиши учун инсонпарварлик ва одиллик тамойилларидан фойдаланиб, қонун доирасида имкон берилса, бир йил давомида унинг ҳулқи ва тарбиясини ўз назоратига олишини, ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатлар содир этмаслигига кафолат беришини маълум қилишди.

Бу қилмиши учун камида 5 йиллик қамоқ жазосига тортилиши мумкин бўлган бир аёл суд залидан озод этилди.

Бироқ, одамни бир нарса уйга толдиради. Қайнона-қайнотасининг уйида бошпанага эга, турмуш ўртоғи, бир гўдаги бор аёл нимага ўғриликка қўл урди? Менимча, миллатдошларимизга анчадан буён шерик бўлиб олган ортиқча ҳоя-ҳавас. Яхши кийинсам, тиллага бурканиб юрсам. Аммо бу нарсалар исноддан анчайин пастда юришини баъзида эсдан чиқарамиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: