Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Хорижда меҳнат қилувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилмоқда

Хорижда меҳнат қилувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Унга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:

2018 йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида аккредитациядан ўтиш асосида, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг лицензиялар бериш ва аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш функцияларини бажарувчи ишчи органи этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси юридик шахс мақомида ташкил этилади.

Қуйидаги харажатларни молиялаштириш Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;

ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш;

меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш;

республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;

хорижда Агентликнинг ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;

норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган, фуқароларни хорижда ишга ташкиллаштирилган тарзда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.

Жамғарманинг даромадларини шакллантириш манбалари - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузиладиган лицензия келишуви доирасида фуқароларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг, захираланаётган маблағ ишлатилган ҳолларда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензия муддати тугатилган ҳолларда маблағларни қайтариш шарти билан, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги захираланадиган маблағлари, бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади:

 

Республика фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни;
Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакаларини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни;
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкиллаштирилган тарзда йиғиш тартиби тўғрисидаги низомни;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг янгиланган низомини;
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни, жумладан, унда жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутган ҳолда.

 

2018 йил 1 августдан:

хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.

Агентлик барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинади.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда меҳнат қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиши керак.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикасининг бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д.Қудбиевга юкланди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: