Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдан ташқари ХХХI сессияси тўғрисида ахборот

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдан ташқари ХХХI сессияси тўғрисида ахборот


Яқинда туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдан ташқари ХХХI сессияси бўлиб ўтди. Унда туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, корхона-ташкилот ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлисни халқ депутатлари туман кенгаши раиси, туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 21 июнда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан инвестицияларни, энг аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштиришни жадаллаштириш, шунингдек биринчи ярим йиллик натижалари ва иккинчи ярим йилликда кутилаётган прогноз кўрсаткичлари тўғрисидаги биринчи масала юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси юзасидан туманда 2018-2019 йилларда 21 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 38650 млн. сўм, шундан тижорат банкларини кредит маблағлари ҳисобига 11000 млн. сўмни ташкил этади. Пировардида 452 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.


Бугунги кун ҳолатида 10 та лойиҳа 4992 млн. сўм, шундан тижорат банкларининг 300 млн. сўм кредит маблағлари ҳисобига фойдаланишга топширилган. Натижада 49 та янги иш ўрни яратилган. Яна 11 та лойиҳанинг ўз вақтида ишга туширилиши қатъий назоратга олинган.

Жумладан, туман аҳолисининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабидан келиб чиқиб, қўшимча лойиҳа қабул қилинди. «Тўрт кран балиғи» МЧЖ томонидан иккинчи ярим йилликда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган ушбу лойиҳага тижорат банкларидан кредит олиш учун ҳужжатлар тақдим этилмоқда. Парранчадичилик йўналишидаги лойиҳани М.Қурбонов 400,0 млн. сўм маблағ эвазига сентябрда фойдаланишга топширишни мақсад қилган. Янгидан 12 та иш ўрни ташкил этилади.

«Учқудуқ юксалиш сари» ХК томонидан 160 млн. сўм маблағ эвазига аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган яна бир лойиҳа режалаштирилмоқда. Ҳудудда 6 та тоза ичимлик суви тарқатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, 13 та янги иш ўрни яратилади.

Туманда аҳоли фаровонлигини ошириш, иш билан таъминлаш, бозорни арзон сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилган лойиҳалар талайгина. Шулардан бири, «Ишонч Феруз» МЧЖ томонидан профнастил шифер ва шлакаблок маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси 25000 АҚШ доллари эвазига бунёд этилмоқда. Ҳозирда лойиҳа доирасида Хитойдан асбоб – ускуналар келтириб ўрнатилди. Бир кунда 200 кв.м профнатил шифер ва 500 та шлакаблок ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада 10 та иш ўрни яратилган. Иккинчи ярим йилликда эса яна 4 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. «Учқудуқ стоматология» ХК, «Грант мега инвест», «Умида труст» МЧЖ лари сингари бошқа кўплаб корхоналар фаолияти кенгайтирилиши натижасида бир қанча иш ўринлари янгидан барпо этилиши режалаштирилган.

Сессия мажлиси кун тартибида муҳокама қилинган биринчи масала юзасидан инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризм масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари Азим Базаров музокора юзасидан сўзга чиқди.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 5 июндаги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан бюджет даромадлар базасини ошириш янги иш ўринларини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича туман ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Бафоевнинг ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботда қайд этилишича, биринчи ярим йилда давлат бюджетига белгиланган прогноз кўрсаткчиларининг бажарилиши 107,4 фоизни ташкил этади. Яъни, режадаги 5872,88 млн. сўм ўрнига 6306 млн. сўм маблағ тушишига эришилди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 декабрдаги видеоселектор мажлиси баёнига асосан, мавжуд мактабгача таълим муассасаларига 71,6 млн. сўм маблағга видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Болаларга берилаётган таълия-тарбия, ошхонада тайёрланаётган овқат жараёни назоратга олинган.

Шунингдек, маҳаллий бюджет параметрларида режалаштирилган маблағдан ташқари ҳисобот даврида қўшимча манбалар ҳисобидан 273,5 млн. сўм маблағ ажратилди. Жумладан, «Алтинтау» ОФЙ қишлоқ врачлик пункти биносини таъмирлаш харажатларига 175,0 млн. жиҳозлашга эса 20,5 млн. сўм йўналтирилди. «Абай» маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйлар аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 37,0 млн. сўм маблағ эвазига видеокузатув мосламаси ўрнатилди. Бундан ташқари, «Кокпатас» маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга 281,3 млн. сўм, Ёшлар иттифоқи Учқудуқ туман Кенгашига 280,0 млн. сўмга автобус сотиб олинмоқда.

Сессия кун тартибида муҳокама қилинган иккинчи масала юзасидан туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Бозоров, туман молия бўлими бошлиғи Ж.Бобомуродовлар музокараларда сўзга чиқди.

Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи томонидан партиянинг «Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини» лойиҳаси доирасида «Тумандаги мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш сифати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этилиши ҳамда давлат – хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларининг ташкил этилиши ҳолати» юзасидан амалга оширилган ишларни ўрганиш тўғрисида туман кенгаши депутати С.Сайфиддинов ахборот берди.

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдан ташқари ХХХI сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

МУХБИРИМИЗ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: