Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: 30 июнь – Ёшлар куни! АЛПОМИШДЕК КЕЛБАТЛИ, ТЎМАРИСДЕК ҒАЙРАТЛИ йигит-қизлар ишлайдиган корхона

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: 30 июнь – Ёшлар куни! АЛПОМИШДЕК КЕЛБАТЛИ, ТЎМАРИСДЕК ҒАЙРАТЛИ йигит-қизлар ишлайдиган корхона

Бугун ҳар бир соҳада, ҳар бир жабҳада юқори натижаларга эришиляпти-ки, буларнинг замирида эътибор, ғамхўрлик, имконият ётибди. Мен мустақиллик тенгдошиман!

Биз ота-оналаримиз, бобо-бувиларимиз босиб ўтган довонлар, қийинчилигу, уқубатларни кўрмадик. Лекин, "тарих ўргатади, тарих сабоқ беради” деганларидек, юртимизнинг ҳар бир фуқароси бугун Ватан олдида ҳали улкан вазифалари, бурчлари борлигини англаб етмоқда. Айниқса, ёшларнинг бу эзгу йўлда жонбозлик кўрсатаётганлиги аҳамиятлидир.

Ҳа, шундай шиддатли давр, замон талаблари учқудуқлик ёшларни ҳам бефарқ туришдан узоқ асрамоқда. Ўзига ишонган, ҳаракатлари дадил, замонавий технология ва касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштирган ёшлар корхонада кўплаб топилади. Бугун мен автомобиль транспорт бошқармасида фаолият юритаётган ана шундай шижоатли ёшлар билан бир сафда эканлигимдан фахрланаман! Бу ерда меҳнат қилаётган ходимларнинг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил қилади. Улар турли саналар муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирларида, спорт мусобақаларида, умумхалқ хайрия ҳашарларида фаол иштирок этмоқда.

Айниқса, корхонамиз бошланғич ёшлар иттифоқи етакчи ва фаоллари бизларни янада жадаллик билаш ишлашга, олдимизга қўйилаётган вазифаларни сидқидилдан бажаришга, соҳада сезиларли натижаларга эришишимизда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда ўзбекнинг Алпомишдек келбатли, Улуғбекдек изланувчан, Бобур сингари ижоддан завқ туювчи, ҳақиқий Темурнинг авлодлари мард паҳлавонлар билан бир қаторда Тўмарисдек, йигитлар билан бир сафда меҳнат қилаётган қизларимиз ҳам талайгина.

Жумладан, Рустам Йўлдошев, Ҳасан Ғафуров сингари ёш, билимли, умидли участка бошлиқлари, ўз инновацион ғоялари ва ишланмалари билан янгилик яратишга иштиёқманд Достонжон Қаҳҳоров, ижод намуналари ва шеърлари билан туман, вилоят, республика нашрларида фаол иштирок этаётган Бобур Ғаниевлар корхонамиз фахри-ғурури.

Бундай ёшлар сафимизда кўпчиликни ташкил этади, десак ишонаверинг. Спортда, ташкилотчиликда, меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришиб, барчага ўрнак бўлаётган Шоҳруҳ Баҳромов, Ғиёсжон Ҳалилов, Нурмат Бозоров, Шоҳруҳ Аслонов, Василий Филиппов, Нафиса Аҳмадовалар номини зикр этмоқчимиз. Спортсевар бу ёшлар Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхона-ташкилотларда ўтказилаётган турли спорт беллашувларида юқори поғоналарни забт этмоқдалар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз!” деган сўзлари биз ёшларни янада дадилликка ва илдамликка чорлаши тайин.

Зеро, юртимизда биз ёшлар учун имкониятлар эшиги шунчалик очиқ турган бир даврда, ундан оқилона фойдаланиб она юртга садоқат билан хизмат қилиш иштиёқи ҳар бир ёш қалбида олов бўлиб ёнмоқда!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: