Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Туман кенгашининг навбатдаги ХХХ сессияси тўғрисида ахборот

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Туман кенгашининг навбатдаги ХХХ сессияси тўғрисида ахборот

Куни-кеча туман ҳокимлигининг янгидан қуриб фойдаланишга топширилган катта мажлислар залида халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ХХХ сессияси бўлиб ўтди. Унда туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, корхона-ташкилот раҳбарлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия ишини туман ҳокими, халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши раиси С.Хамроев бошқариб борди.

Мажлис кун тартибида 15 та масала муҳокама қилинди. Танқидий руҳда ўтган сессия ишида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги секторларда ишни ташкил этиш ва аҳоли хонадонларини ўрганиш натижаси бўйича "Йўл харита”лари шакллантирилган бўлиб, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ишчи гуруҳ 10 кун давомида 347 хонадон вакиллари билан мулоқот ўтказди.

Секторлар фаолиятининг асосий мезони бўлган аҳолини иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини ошириш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябардаги «Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ҳамда аҳолиси бандлигини таъминлашгна доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3301- сонли қарори асосида ҳудудга берилган имтиёзлар ҳақида жойларда олис овулларда тарғибот ишларининг олиб борилиши натижасида хўжалик юритувчи субъектлар сони сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда туманимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 952 тани ташкил этади.

Мамлакатимиз ривожланиш тарихидан келиб чиқиб, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳуқуқбузарликни жазолаш эмас, балки уни олдини олиш масаласи актуал масалалар сифатида қаралмоқда. Мажлис кун тартибида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги 5005 – фармони ижросини таъминлаш мақсадида туман ички ишлар бўлими ёшлар масалалари бўйича ўринбосарининг жорий йил беш ойида амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботини тингладилар. Ҳисоботда таъкидланишича, ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишлар натижасида фуқаролар томонидан жиноят содир этиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 тага камайган. Бу йўналишда аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари кучайтирилди. Ҳуқуқбузарликнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар чуқур таҳлил этилмоқда. Ҳуқуқбузарликни жазолаш эмас, балки ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга ва аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар оширилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги 991-сонли қарорнинг тумандаги ижроси мажлис кун тартибида муҳокама қилинди. Туман мактабгача таълим муассасалари моддий техник базасини мустаҳкамлашга қарийб 52 млн. сўм, қурилиш-таъмирлаш ишларига 30 млн. сўм, кўрпа-чойшаблар учун эса 33 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Ҳаммаси бўлиб туман ҳокимлиги томонидан 480 млн. сўмдан ортиқ маблағ қурилиш-таъмирлаш, муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ажратилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан 100 млн. сўм маблағ туман марказидаги 2-сонли МТМ ўйин майдончаси учун берилди. Ҳар бир гуруҳ хонаси, ётоқхонаси, ошхонаси ва омборхоналарига 103 млн. сўм маблағ эвазига видеокузатув камералари ўрнатилганлиги, кичкинтойлар хавфсизлигини таъминлашга, уларнинг сифатли овқатланишига ўз ҳиссасини қўшади, албатта.

Сессияда Учқудуқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш, дастурлар ижросини таъминлаш чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир сектор амалга оширган ишлар, шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликлар таҳлил этилиб, тегишли корхона-ташкилот ва муассаса мутасаддиларига тавсиялар берилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда депутатлар назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессия кун тартибида халқ депутатлари туман кенгашидаги ЎзЛиДЕП депутатлик гуруҳининг «Туманда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш истиқболлари», ЎзМТДП депутатлик гуруҳининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш», «Адолат» СДП депутатлик гуруҳининг «Умумтаълим мактабларида ижтимоий тенглик масалалари ҳолати» ҳамда ХДП депутатлик гуруҳининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5270 сонли фармонининг тумандаги ижроси юзасидан олиб борилган ўрганишлари бўйича ҳисоботлари тингланди.

Туман ҳокимининг 2018 йил 27 февралдаги «Базаров Азим Даникуловични туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлаш тўғрисида»ги 02-сонли, 2018 йил 7 майдаги «Камолова Мубина Бахшуллаевнани Учқудуқ туман ҳокимлиги «Оила» маркази бўлими раҳбари этиб тайинлаш тўғрисида»ги 04-сонли қарорлари тасдиқланди.

Туман ҳокимининг яна бир қарори «Туманда ҳуқуқий тарғибот гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритишини таъминлаш тўғрисида»ги қарори ҳам депутатлар томонидан тасдиқланди.

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги ХХХ сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: