Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / «Учқудуқ» газетаси хабар қилади: КИТОБ – ЭНГ ЯХШИ ДЎСТ!

«Учқудуқ» газетаси хабар қилади: КИТОБ – ЭНГ ЯХШИ ДЎСТ!

Китоб — инсонга энг яқин дўст, бебаҳо бойлик, ҳаётимизни ўзгартиришга қодир бўлган буюк мўъжиза. Китоб мутолааси кишини ҳамиша эзгуликка ундайди, зиё ва маърифатга ошно этади. Бу масала бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боиси ҳам шу. Илмли одам тўғри йўлдан оғишмайди, ёмонликдан йироқ юради.

Масаланинг ана шундай муҳим жиҳатларини эътиборга олган муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев 2017 йил 12 январда "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини имзолади.

Мазкур фармойиш доирасида Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометалларгия заводи ҳамда Ўзбекистон Миллий Тикланиш Демократик партиясидан халқ депутатлари Учқудуқ тумани кенгашига сайланган депутат Райҳон Қодирова ҳамкорлигида «Фаол китобхон» танлови ўтказилди.

Мазкур танловда олтин заводнинг адабиётга, китобга, мутолаага меҳр қўйган 10 нафар ишчи-ходимлари 3 та шарт асосида ўзаро баҳслашдилар.

Биринчи шартда ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндалари бўлган адиб ва шоирларнинг ҳаёти ва ижоди, иккинчи шартда забардаст ёзувчилар асарларининг мазмун-моҳияти унда илгари сурилган ғоя ҳақидаги билимлари синовдан ўтказилди. Учинчи шартта эса ўзбек халқининг атоқли фарзанди «Ўзбекистон халқ шоири» Муҳаммад Юсуф ҳамда халқимизнинг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова қаламига мансуб шеърлардан олинган мисраларни давом эттирдилар.

Танловда ўз билим ва кўникмаларини намойиш этган иштирокчилар чин маънода ўқиган, изланган. Бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда озроқ ҳафсала, диққат етмади. Аммо уларда бир нарса — китобга бўлган муҳаббат бор. Энг катта ютуқ аслида мураккаб меҳнат жараёнидан сўнг, мутолаага вақт, имконият ажрата билганларида. Мана шундан ҳамма ўрнак олса, деймиз.

Танловда Сухробиддин Мардонов 119 балл тўплаб биринчи, Завқиддин Имомов 104 балл билан иккинчи, Ботир Йўлдошев 102 балл тўплаб фахрли учинчи ўринларга эгалик қилишди.

Яна бир иштирокчи Алишер Камолов кўплаб китоб мутолаа қилганлиги учун эътироф этилди.

Тадбир сўнггида 3-гидрометаллургия заводи директори Қаҳрамон Ғафуров сўзга чиқди. Ғолиб ва совриндорлар рағбатлантирилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: