Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ МАРОСИМИДА: энг билимли, энг маҳоратли ўқувчи-ўқитувчилар тақдирланди

ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ МАРОСИМИДА: энг билимли, энг маҳоратли ўқувчи-ўқитувчилар тақдирланди

  XXI аср – юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёс.

  Ўқитувчи, мураббий, устоз. Барчамизнинг қалбимизга яқин бўлган оддийгина бу сўзлар замирида шунчалик катта маъно ва мазмун мужассамки, уни таърифлашга баъзан сўз ҳам ожизлик қилади. Зеро, ҳар бир инсон ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, мураббий ва устоздан таълим олади, тарбия топади. Бугун биз бирон бир касбни эгаллаб, Ватан ва эл корига яраётган эканмиз, аввало, улардан миннатдор бўлишимиз табиий, албатта. 2017-2018 ўқув йили якунларига бағишлаб ўтказилган «Эъзоз ва эҳтиром» тақдирлаш маросимида шулар ҳақида сўз юритилди.

  Бу йилги маросим «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»давлат дастури асосида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. «Учқудуқ» маданият уйида ўтказилган тадбирда туман халқ таълими соҳасида ўзининг самарали меҳнати билан ватанимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиб келаётган илғор ўқитувчилар, кўп йиллар давомида соҳада фаолият юритган устозлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддилари, корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда туман ҳокими ўринбосарлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, туман халқ таълими тизимида 2017-2018 ўқув йилида қатор ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказиб келинаётган ўқувчилар билимини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири бўлган «Билимлар беллашуви» натижаларига кўра, туманимиз ўқувчилари 12 та совринли ўринга эгалик қилишди. «Солиқ билимлари болаларга», «Инновацион олимпиада», «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси», «Умид ниҳоллари» ва бошқа кўплаб танлов ҳамда мусобақаларда учқудуқлик ўқувчи ва ўқитувчилар юқори натижаларни қайд этдилар.

  «Эъзоз ва эҳтиром» тақдирлаш маросимида «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси», «Умид ниҳоллари», «Фан олимпиадаси – 2018», «Солиқ билимлари болаларга», «Инновацион олимпиада», «Билимлар беллашуви – 2018» каби бир қанча кўрик-танловларда фахрли ўринларни қўлга киритган ўқитувчи ва ўқувчилар тақдирландилар.

  Дарҳақиқат, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган устозларимизни, муаллиму мураббийларимизни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: