Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ОТА-ОНАГА БУРЧДОРЛИК – САОДАТГА ЕТАКЛАР!

ОТА-ОНАГА БУРЧДОРЛИК – САОДАТГА ЕТАКЛАР!

Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан аҳолининг кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ижтимоий ҳимояталаб оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Фикримизни биргина Учқудуқ тумани мисолида давом эттирадиган бўлсак, кам таъминланган оилаларниннг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганишлар натижасига кўра, уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда туманимиздаги савобталаб инсонлар томонидан аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилаётир.

Таъкидлаш жоизки, бу каби хайрли ва эзгу ишлар оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуши сифатини ошириш билан бирга аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкули осон қилиниб, эҳтиёжманд инсонларни эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда.

Шу ўринда, бошқа бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Давлатимизнинг бу каби эътибор ва ғамхўрлигини «суиистеъмол» қилаётган тумандошларимиз ҳам орамизда йўқ эмас, десак ишонаверинг. Уларнинг баъзи бирлари берилаётган беғараз ёрдамни қай йўл билан бўлмасин, «талашиб-тортишиб» олишга ҳаракат қилади. Ва бу хатти-ҳаракатини гўёки, «ҳақи»ни талаб қилиб олгани деб «хаспўшлайди». Ана шундай кишиларни учратганда беихтиёр: «сурбетлик ҳам эви билан-да», деган калом лабингиздан «учганини» билмай қоласиз!.

Орамизда яна шундай тоифадаги инсонлар борки, ота-она сиҳатсизлигини «манфаатлари» йўлида «фойдаланиб», яна давлатдан бир нима «ундириш» пайида бўладилар. Лекин ўзларининг ота-она олдидаги фарзандлик, ватан олдидаги фуқаролик бурчини эслаб ҳам қўймайдилар. Бас, бурчли эканлигини «назар-писанд» этмади-ми, унга амал ҳам қилмаслиги кундай равшан!

Ахир, фарзандлар камолотида ота-она хизматларини сўз билан таърифлаш жуда мушкул. Улар меҳри-муҳаббатини, бутун борлиғини фарзандига бахшида этади-ку?!. Минг афсуски, нафснинг «васвасаси»га учган «беор» фарзанд ногиронлик аравачасида ўтирган онани турли эшикларга рўбарў қилиб, яна нимадир «ундириш» пайида бўлса?!

Азиз учқудуқликлар! Ана шундай муборак рўзаю, рамазон кунларида ота-оналаримиз учун бутун борлиғимиз - ҳам танимиз, ҳам тилимиз, ҳам дилимиз, ҳам молимиз билан хизматда бўлайлик. Уларни рози қилиб дуоларини олайлик!

Зеро, Имом Насафийдан келтирилишича, фарзанд ота-онаси олдида 60 соҳада бурчли ва қарздор экан. Умримиз давомида қарзимизни бирма-бир узиш саодати барча-барчага насиб этсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: