Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ҚАДР КЕЧАСИ ФАЗИЛАТИ

ҚАДР КЕЧАСИ ФАЗИЛАТИ

  Муборак Рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Бу ойнинг фазилатларидан яна бири "Лайлатул қадр"­нинг шу ойда бўлишидир.

  Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:"Албатта, Биз уни(Қуръонни "Лавҳул маҳфуз"дан биринчи осмонга)Қадр кечасида нозил қилдик.(Эй, Муҳаммад!)Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У(кеча)да фаришталар ва Руҳ(Жаброил)Парвардигорларининг изни билан(йил давомида қилинадиган)барча ишлар(режаси)билан(осмондан ерга)тушарлар.   У(кеча)то тонг отгунича саломатликдир"(Қадр сураси).

  Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27-кечаси эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча экани маълум бўлган(Имом Бағавий тафсиридан).

  "Лайлатул қадр" сўзининг маъноси "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.

  Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда Рамазони шариф раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонлик ойи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, унинг ҳар бир кун ва соатларини ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эмин-эркинлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади.

  Имом Бухорий Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (с.а.в) ривоят қилган ушбу ҳадиснинг маъно ва мазмуни бунга ёрқин далилдир. Унда бундай дейилган: "Набий (с.а.в) Лайлатул қадр қайси куни бўлишини хабар қилиш учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўша кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобаларга: "Мен сизларга Лайлатул қадр бўладиган кунни айтмоқчи бўлиб чиққан эдим, бироқ йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди. Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёки йигирма етти ёки йигирма бешинчи кунларида кутинглар!", дедилар.

  Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли ишларни амалга ошириш, рўзадорларга ифторлик бериш каби солиҳ амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлади.

  Рамазон ойи кечаларида жамоат билан ўқилган таровеҳ намозлари фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар нақл этилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в): "Рамазон кечасининг фазилатига ишониб ва савобидан умид қилиб (таровеҳ ўқишга) турган кишининг илгари қилган барча гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар.

  Ибн Шиҳоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса бундай де­йилади: "Расулуллоҳ (с.а.в) вафот қилгунларича ҳам, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифалик даврларида ҳам, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифалик қилган дас­т­лабки йилларда ҳам кечаси туриб таровеҳ ўқиш тартиби ўзгармади".

  Аллоҳ таборака ва таоло Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатми Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилишини сўраб дуолар қиламиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: